date

"Атлетико" "Барселона"ни шармандали ҳисобда мағлубиятга учратди

"Атлетико" "Барселона"ни шармандали ҳисобда мағлубиятга учратди

Испания кубоги яримфиналида кутилган катта тўқнашув бор эди, лекин “Метрополитано”да бўлган воқеа кўпчилик тасаввур қилган сценарийни ерга уриб ташлади. “Атлетико” ўз уйида “Барселона”ни жавобсиз 4:0 ҳисобида енгди — энг таъсирлиси, барча голлар биринчи бўлимнинг ўзида киритилди.

Ўйин эндигина бошланган пайтдаёқ “Барса”нинг бошига муздек сув қуйилди: 6-дақиқада Эрик Гарсия тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Шу автогол ўйиннинг руҳий суръатини ҳам “Атлетико” томон буриб юборди. Мезбонлар шу заҳоти босимни янада оширди, танаффусгача “Барселона”ни ҳимояда “қимирлатмай” қўйишга ҳаракат қилди.

14-дақиқада Антуан Гризманн ўзининг "класс"ини кўрсатиб, ҳисобни 2:0 қилди. “Атлетико”нинг кечаги ҳаракатлари жуда аниқ: юқори темп, қаттиқ прессинг, ҳужумда совуққон қарорлар. 33-дақиқада Лукман тўпни дарвозага жойлаб қўйди — 3:0. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Алварес тўртинчи голни уриб, “Барса” учун бу кечани расман оғир тушга айлантирди — 4:0.

Иккинчи бўлимда “Барселона” ўзини йиғишга уриниб кўрди, алмашинувлар ҳам бўлди. Аммо биринчи бўлимдаги зарба шунчалик қаттиқ эдики, ўйиннинг умумий кайфияти ўзгармади. Устидан-устак, 86-дақиқада Эрик Гарсия қизил карточка олди — бу эса жавоб ўйини олдидан каталонияликлар учун яна бир оғриқли нуқта бўлди.

Испания кубоги
Яримфинал. Биринчи ўйин
Атлетико — Барселона 4:0
12 феврал, «Метрополитано»
Голлар: Э.Гарсия (6, автогол), Гризманн (14), Лукман (33), Алварес (45+2).
Атлетико — Муссо, Молина, Пубилл, Ҳанцко, Ружери, Симеоне, Лоренте, Коке (Ле Норман, 90+1), Лукман (Алмада, 73), Гризманн (Баэна, 68), Алварес (Сёрлот, 68).
Барселона — Х.Гарсия, Кунде, Кубарси (Араухо, 77), Э.Гарсия, Балде (Канселу, 77), Касадо (Левандовски, 37), Де Йонг, Фермин (Мартин, 88), Ямал, Олмо, Торрес.
Огоҳлантиришлар: Касадо (26), Симеоне (50), Лоренте (51), Баэна (79), Олмо (87), Пубил (87), Фермин (87), Ружери (90+8).
Четлатиш: Э.Гарсия (86).

Шу тариқа, “Атлетико” финалга бир қадам қолдирди, “Барселона” эса энди 3 март куни Каталониядаги жавоб учрашувида мўъжиза излашга мажбур. 0:4 — бу оддий мағлубият эмас, бу бутун режани қайта ёзишга мажбур қиладиган ҳисоб.

Бир нарса аниқ: бу тўқнашув ҳали тугамади. “Барса” уйда бошқача ўйнаши мумкин, лекин “Атлетико” ҳам бундай устунликни қўлдан чиқаришни ёқтирмайди. 3 мартда Каталонияда ҳақиқий нервлар жанги бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "Атлетико" "Барселона"ни шармандали ҳисобда мағлубиятга учратди