date

"Сити" ҳимоячиси Ҳусановга яна қандай янги "лақаб"лар қўйилмоқда?

"Сити" ҳимоячиси Ҳусановга яна қандай янги "лақаб"лар қўйилмоқда?

Англия Премьер-лигасининг 25-туридан ўрин олган “Ливерпуль” – “Манчестер Сити” баҳсида 60-дақиқада Абдуқодир Ҳусанов билан боғлиқ эпизод ҳали-ҳамон муҳокамалар марказида қолмоқда. “Энфилд”даги ўша лаҳза нафақат ўйин тақдирига, балки мухлислар кайфиятига ҳам қаттиқ таъсир қилди.

Буюк Британиядаги энг кўп ўқиладиган нашрлардан бири — The Sun ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди. Ўйин тафсилотлари ёритилган шарҳда нашр Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 21 ёшли марказий ҳимоячисини алоҳида ажратиб кўрсатган.

Энг қизиғи, журналистлар сўз ўйинига “газ” босиб, Ҳусановни “Khus control” — яъни “Назорат қилувчи Ҳусанов” деб аташди. Уларнинг таъкидича, Абдуқодир ҳимояда жуда ишончли ҳаракат қилди, вазиятларни олдиндан “ўқиб”, кўп нарсани назоратда ушлаб турди.

Ҳақиқатан ҳам, Ҳусанов майдонда бўлган пайтда “Ливерпуль”нинг Муҳаммад Салоҳ, Коди Гакпо, Уго Экитике каби хавфли ҳужумчилари “Сити” дарвозасига йўл топишда анча қийналди. Улар қанча уриниш қилмасин, ҳимоя чизиғи “қулф” бўлиб турган лаҳзалар кўп бўлди.

Ўйиннинг энг кескин нуқтаси 60-дақиқада юз берди. Гакпонинг дарвоза томон йўл олган ҳаракатини тўхтатишга улгурган Ҳусанов икки ўйинчи орасида қолиб кетди: бир томонда рақиб ҳужумчиси Гакпо, иккинчи томонда эса “Сити” дарвозабони Жанлуижи Доннарумма. Нидерландиялик форвард Абдуқодирнинг орқа томонига урилиб кетган бўлса, италиялик посбоннинг тиззаси Ҳусановнинг юзига тегиб, жуда оғир зарба келтириб чиқарди.

Зарба оқибатида тиббиёт ходимлари зудлик билан майдонга шошилди. Ҳусанов эса жароҳатга қарамай, характер кўрсатиб, бош мураббий Хосеп Гвардиолага ўйинни давом эттиришга тайёрлигини билдиргани айтилади. Лекин футболчи саломатлигини биринчи ўринга қўйган тиббиёт штаби унинг майдонга қайта чиқишига рухсат бермади.

Абдуқодирнинг жамоага ёрдам беришга бўлган интилиши таниқли журналист Жеронимо Моргансни ҳам лол қолдирди. У баҳсни таҳлил қила туриб, айнан шу жиҳат — жароҳат олса ҳам ортга чекинмасдан, ўйинни давом эттиришга интилган 21 ёшли ҳимоячининг руҳиятини алоҳида таъкидлади.

“Ҳусанов жароҳат олган эди, лекин барибир ўйинни давом эттиришни хоҳлади. Жамоага ёрдам беришни истади. Абдуқодир Ҳусанов, сен мен учун жангчисан, биродар. Ўзбекистоннинг фахри. Темир одам”, — деган мазмунда фикр қолдиргани келтирилмоқда.

Ҳозирча Ҳусановнинг саломатлиги бўйича расмий баёнот эълон қилингани йўқ. Шу билан бирга, бир қатор манбалар инсайдер маълумотларига таяниб, ҳимоячининг аҳволи яхши эканини ва у яқин ўйинларда қатнашиши мумкинлигини ёзмоқда.

Қисқаси, “Энфилд”да бир эпизод бўлди-ю, бутун Европа “Ҳусанов ким ўзи?” деб қараб қолди. Энди эса энг асосийси — саломатлик жойида бўлсин, майдондаги “Khus control” режими яна давом этсин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "Сити" ҳимоячиси Ҳусановга яна қандай янги "лақаб"лар қўйилмоқда?