Компани Кейн роли ҳақида ҳазил билан гапирди

Мюнхеннинг “Бавария” жамоаси бош мураббийи Венсан Компани ҳужумчи Гарри Кейннинг майдондаги вазифалари ўзгараётгани ҳақида фикр билдирди. Англиялик футболчи сўнгги пайтларда тез-тез ярим ҳимояга қайтиб, жамоадошларига пас ва комбинацияларда кўпроқ ёрдам бермоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Компани таъкидлашича, бу ёндашув футболчиларнинг кучли жиҳатларига таянишдан келиб чиқади: “Мен ҳар доим қўлимдаги ўйинчиларнинг сифатларини инобатга оламан. Гарри жуда ақлли. Ҳимояда ҳам ўз вазифаси бор, аммо тўп бизда бўлганда бу 50 фоиз мураббийлик иши, яна 50 фоиз эса футболчига ишонч — у тўғри қарор қабул қилишига ишониш”, — деди у.
Мутахассис Кейн билан аввал ҳам рақиб сифатида тўқнаш келганини эслаб, қизиқ фикр қўшди: “Мен ҳимоячи бўлганман ва Гаррига қарши кўп ўйнаганман. Ўшанда унинг бу қирраларини кўрмаганман, чунки у доим энг олд чизиқда турарди. Ростини айтсам, ўшанда уни қўриқлаш унчалик қийин эмасди. Фақат буни Гаррига айтманг!” — дея ҳазиллашди Компани Sky билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, “Бавария” шанба куни “Айнтраxт”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!