Поттер танқид Дёкерешни янада кучайтирди деб ҳисоблайди

Швеция терма жамоаси бош мураббийи Грем Поттер Лондоннинг “Арсенал” клуби ҳужумчиси Виктор Дёкереш манзилига айтилган танқидлар футболчининг ўзига ижобий таъсир қилганини таъкидлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
“Канонирлар” швед форвардини ўтган ёзда Лиссабондаги “Спортинг”дан трансфер қилганди. Дёкереш мавсум давомида унчалик юқори натижадорлик кўрсатмаётгани учун тез-тез танқидга учради, бош мураббий Микел Артета эса айрим учрашувларда унинг ўрнига бошқа футболчиларни танлади.
Поттернинг фикрича, бу босим Дёкерешнинг характери қанчалик кучли эканини кўрсатди. Мураббий ҳужумчининг савиясига шубҳа қилмаслигини айтиб, уни юқори даражадаги футболчи ва яхши инсон сифатида таърифлади. Шунингдек, у Дёкереш “Арсенал”нинг тўртта турнирдаги умумий муваффақиятларига ўз ҳиссасини қўшганини қўшимча қилди. Поттер футболчи учун танқид — касбнинг ажралмас қисми эканини ҳам эслатди.
Жорий мавсумда Виктор Дёкереш “Арсенал” сафида 36 та ўйинда 15 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!