Қишки трансферлар якуни: Европа грандлари қандай кучайди

Қишки трансфер ойнасида одатда келишувлар кўп бўлмайди, бу сафарги рўйхатдан ўтказиш даври ҳам шу манзарани тасдиқлади. Шунга қарамай, Европанинг етакчи клублари таркибини қизиқарли юришлар билан тўлдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Франция
Франция Лигасида катта суммали битимлар кўринмади, бироқ битта трансфер барибир шов-шув бўлди. Мамлакат чемпиони ПСЖ “Барселона”дан 18 ёшли ярим ҳимоячи Дро Фернандесни 8,2 млн евроға сотиб олди ва шартномадаги сотиб олиш опсиясини ишга туширди.
“Монако” эса жароҳатлар ва муаммоларга қарамай, қишда тўғридан-тўғри харид қилмади. Бироқ таркибни ижаралар орқали кучайтирди: “Лестер”дан ҳимоячи Ваут Фас, “Сандерленд”дан қанот футболчиси Симон Адингра олиб келинди.
Қишки бозорда энг фаол француз клуби “Марсел” бўлди. Клуб марказий чизиққа бирдан уч футболчини қўшиб олди: энг арзон трансфер — Ҳимад Абделли (“Анже”, 2,75 млн евро). Шунингдек, “Фейеноорд”дан Квинтен Тимбер 4,5 млн евроға, Белгия “Зюлте-Варегем”идан Точуқву Нади 6 млн евроға сотиб олинди. Бундан ташқари, “Арсенал”дан 18 ёшли Итан Нванери ижарага олинди ва у келиши билан фойда келтира бошлади.
Италия
Бу қишда энг серҳаракат бозор айнан А Серияда бўлди — италян клублари бошқа топ-лигаларга қараганда кўпроқ битимлар амалга оширди. “Аталанта” ва “Интер” биттадан трансфер билан чекланди: миланликлар “Модена”дан 23 ёшли ярим ҳимоячи Янис Массоленани 3,5 млн евроға олди ва уни ўша клубда ижарада қолдирди. Бергамо жамоаси эса “Атлетико” Мадриддан Дьякомо Распадорини 22 млн евроға олиб, анча жиддий сарф қилди.
“Ювентус” ва “Милан” қишда янги футболчиларга катта пул тикмади. Туринликлар умуман тўлиқ харид қилмаган, аммо “Болонья”дан Эмил Ҳолмни ва “Ницца”дан Жереми Богани ижарага олди. “Милан” эса АПЛда ўйини чиқмай қолган “Вест Ҳем” ҳужумчиси Николас Фюллькругни ижарага олди, шунингдек, “Верона”нинг 19 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячиси Алфаджо Сиссени 8 млн евроға сотиб олди.
Бозорда “Наполи” ҳам ўзига хос иш қилди. Антонио Конте жамоасининг чемпионлик имкониятлари камайган бўлса-да, ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш нияти бор. Неаполликлар учала янги футболчини ҳам ҳужум чизиғига қўшди: Жиоване (“Верона”, 2 млн евро), Лоренсо Лукка (“Удинезе”, 26 млн евро) ва Алисон Сантос (“Спортинг”, ижара).
Испания
Мадриднинг “Реал”и ва Каталониянинг “Барселона”си йирик харидларни ёзга қолдиргандек: қиш улар учун анча сокин ўтди. “Барселона” фақат Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол”идан Жоау Канселуни ижарага олди — у 2023/24 мавсумида ҳам каталонияликлар сафида ўйнаган. “Реал” эса қишда бирорта ҳам трансфер расмийлаштирмади.
“Атлетико” қишки бозорда анча фаол бўлди, аммо бу Симеоне жамоасининг натижаларига дарҳол таъсир кўрсатмади. Февраль бошида “матрасниклар” Ла Лигадаги уч ўйинда атиги бир очко олиб, чемпионлик пойгасидан бироз узоқлашди. Шунга қарамай, қишда “Атлетико” Обед Варгасни (“Сиэтл Саундерс”, 3 млн евро), Родри Мендосани (“Эльче”, 16 млн евро) ва Адемола Лукманни (“Аталанта”, 35 млн евро) сотиб олди. Симеоне айнан нигериялық футболчига катта умид боғламоқда.
АПЛ
Англия Премьер-лигасида ҳам қишки трансферлар камтарона ўтди. Энг қиммат харид “Манчестер Сити” ҳиссасига тўғри келди: “Борнмут” вингери Антуан Семеньо учун 72 млн евро тўланди. Шунингдек, “шаҳарликлар” марказий ҳимоядаги муаммоларни юмшатиш мақсадида 25 ёшли Марк Геҳи учун 23 млн евро сарфлади.
Харажатлар бўйича кейинги ўринда “Тоттенҳем” турди. Лондон клуби “Атлетико” Мадриддан Конор Галлахерни 40 млн евроға, Бразилиянинг “Сантос”идан 19 ёшли қанот ҳимоячиси Соузани 15 млн евроға сотиб олди.
“Арсенал”, “Челси”, “Ливерпул” ва “Манчестер Юнайтед” эса қишда таркибга қўшимча киритмасдан, мавсумни мавжуд футболчилар билан давом эттиришни танлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!