"Реал Мадрид" шу уч юлдуз атрофида келажагини қурмоқда...

"Реал Мадрид" раҳбарияти жамоанинг асосий етакчилари ҳисобланган уч юлдуз — Килиан Мбаппе, Винисиус Жуниор ва Жуд Беллингем билан хайрлашиш ниятида эмас. Бу ҳақда “El Mundo” нашри маълум қилди.
Манбага кўра, мадридликлар айнан шу уч футболчи атрофида янги жамоа қуришни давом эттирмоқчи. Клуб ички муҳитида ҳозирги таркиб катта салоҳиятга эга эканига ишонч юқори бўлиб, келгуси мавсумларда ҳам асосий юклама шу юлдузларга тушиши режалаштирилган.
Жорий мавсумда "Реал Мадрид" Испания чемпионатида иккинчи ўринда бормоқда. Чемпионлар Лигасида эса жамоа чорак финалгача етиб бориб, "Бавария"га қарши икки ўйинда 1:2 ва 3:4 ҳисобларида мағлуб бўлиб, мусобақани якунлади.
Шунга қарамай, клуб келажакни йўқотилган мавсум билан ўлчамоқчи эмас. “Реал”да ишонч шундай: катта мақсадлар учун катта юлдузлар керак ва бу учлик ҳали ўз сўзини айтади.