Рафинья трансфер миш-мишларига кескин муносабат билдирди

Барселона ҳужумчиси Рафинья ўзининг клубдаги келажаги борасида тарқалаётган хабарлардан норозилигини яширмади. Бразилиялик футболчи матбуотда унинг жамоадан кетиши ҳақида ёзилаётган гап-сўзларни мутлақо ёлғон деб атади ва айрим журналистларни атайлаб вазиятни издан чиқаришда айблади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
ЭСПН нашрига берган интервюсида Рафинья Барселонага келган илк куниданоқ унинг кетиши ҳақида миш-мишлар тарқатилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айрим ОАВ вакиллари унинг клубда қолишини исташмайди ва атайлаб нотўғри маълумотларни тарқатиш орқали жамоа ичидаги муҳитга таъсир ўтказишга уринишмоқда.
Футболчи ҳозирда барча эътиборини Реал Мадридга қарши бўлиб ўтадиган Эл-Класикога қаратганини билдирди. Барселона айни дамда Ла Лига турнир жадвалида яққол пешқадамлик қилмоқда ва ушбу баҳсда ғалаба қозониш чемпионлик масаласини деярли ҳал қилади.
Рафинья учун энг муҳим вазифа рақиб ким бўлишидан қатъи назар, чемпионлик унвонини қўлга киритишдир. Унинг фикрича, айнан Реал Мадрид устидан қозониладиган ғалаба орқали совринни нақд қилиш мухлислар учун икки карра қувончли воқеа бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!