Андони Ираола Англия Премер-лигасидаги янги жамоасини танламоқда

Борнмут бош мураббийи Андони Ираола мавсум якунида жамоасини тарк этиши маълум бўлгач, Англия Премер-лигасининг бир қатор клублари эътиборига тушди. Испаниялик мутахассис ҳозирда Лондоннинг Кристал Пелас клуби билан музокараларда етакчилик қилмоқда ва томонлар келишувга яқин турибди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Кристал Пелас раҳбарияти Оливер Гласнернинг кетиши кутилаётган бир пайтда, Ираолани жамоанинг янги лойиҳаси учун асосий номзод деб билмоқда. Клуб мутасаддилари бошқа рақобатчиларни ортда қолдириш учун мураббийга жозибадор таклиф билан чиққани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Челси ҳам испаниялик мураббий билан боғланиб, уни Стамфорд Бриджга олиб келиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Лондонликлар жамоани узоқ муддатли лойиҳа доирасида бошқара оладиган тактик жиҳатдан мослашувчан мураббий қидирмоқда.
Манчестер Юнайтед ҳам вазиятни диққат билан кузатмоқда. Гарчи Майкл Керрик бошчилигида жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кузатилаётган бўлса-да, клуб раҳбарияти тажрибалироқ ва аниқ фалсафага эга бўлган Ираолани муқобил вариант сифатида кўрмоқда.
Ираоланинг Борнмутдаги муваффақиятли фаолияти, айниқса чекланган ресурслар билан Европа мусобақалари учун курашиши уни Премер-лигадаги энг талабгир мураббийлардан бирига айлантирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!