13:32 / 23.07.2017
4 749

«Пахтакор» ва футболимиздаги ўзгаришлар тўхтамасин!

«Пахтакор» ва футболимиздаги ўзгаришлар тўхтамасин!
«Пахтакор» мухлислари янгича ривожланиш йўлига ўтган клубдан нималар кутишга ҳақли? Бу йил камида Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмаси қўлга киритилиши керак. Яъни «Пахтакор» камида кучли учликка кириши лозим, олтин медаль бўлса, яна яхши. Келаси йили эса олий лигада ғолиб чиқиб, Чемпионлар Лигасидаги аввалги кўрсаткичларни яхшилаш талаб этилади. Аввалги энг яхши натижа ярим финал бўлганини инобатга олсак, демак келаси мавсум ҳеч бўлмаса финалда ўйнаш лозим. Ундан кейин эса - ОЧЛ ғолиблиги.

Клубда амалга оширилаётган катта ўзгаришлар ва олиб борилаётган улкан ҳажмдаги ишлардан келиб чиқсак, бу талабда мантиқ бордек кўринади. Ахир, мутасаддилар суперклуб ташкил этиш ҳақида гапириб турганда мухлислар нима учун камтарлик қилиши лозим? Энди «Пахтакор»да пул бор, демак яқин келажакда ғалабалар учун етишмай турган бошқа жиҳатлар ҳам албатта, бўлади.

Шундай экан, муваффақият ўз-ўзидан келиши шарт эмасми? Шу ўринда шошилмай туришни масалаҳат берсак, бизни «Пахтакор»нинг антимухлиси сифатида айбламаслигингизга умид қиламиз. Магарки, «шерлар» дарҳақиқат, суперклуб ташкил этиш ниятида эканлар, мухлислар бисотида сабр деганидан анча-мунча бўлиши ҳам талаб қилинади. Футбол олами шундай-ки, унда дарҳол ҳамма нарсага эришиш имконсиздир.

Шу вақтга қадар қисқа муддат ичида суперклуб тузишни истаганларнинг кўпини кўрдик, афсуски, пулни ҳавога совуришгани қолди. Ҳозир «Пахтакор»да бошланган иш қайсидир жиҳатлари билан 2011 йилги «Анжи»ни эслатиб юборади.

Ўшанда Маҳачқалъада ҳам Сулейман Керимов бошчилигида суперклуб ташкил этишга киришилган ва клубга дунё даражасидаги юлдузлар таклиф этилганди. Шунингдек, у ерда замонавий стадион ҳам барпо этилди. Бироқ Керимовнинг иштиёқи ва шиддати уч йилга ҳам етмади.

Футболга миллионларни тикишга аҳд қилган миллиардер суперклуб тузиш осон эмаслигини тезда фаҳмлаб етди ва ҳаммасига қўл силтаб қўя қолди. «Анжи» тақдир ҳукмига ташлаб қўйилди. Ҳозир у аввалгидек Россия чемпионатида аутсайдерлик мақомини «қайтариб» олган. Ҳамма нарсага тез ва осон эришиш истаги яхши оқибатларга олиб келмаслигини ўзимизнинг «Бунёдкор» тимсолида ҳам кўриш мумкин.

2008 йилда бу клуб ҳам дунё футболида озмунча шов-шув кўтармаганди. Аввалига Самюэл Это~О билан шартнома имзолашга уриниб кўришди, ўхшамагач, Ривалдони олиб келишди. Ўшанда рақиб жамоа мухлислари ҳам бразилиялик юлдузни олқишлашганини кўрганмиз. «Бунёдкор»нинг номи эса тилларда достон бўлганди. Ҳайтовур, «қалдирғочлар» бошига «Анжи»нинг куни тушмади.

Ривалдо кетиб ҳам клуб ўзини ушлаб қола билди. Раҳбарият ва мураббийлар штаби олиб борган иш туфайли олий лигада етакчилик сақлаб қолинди. Осиё Чемпионлар Лигасида ҳам икки марта ярим финалга қадар етиб боришди. Бироқ шу билан бирга «Бунёдкор» аввалги суперклуб ҳақидаги орзулардан воз кечишга ҳам мажбур бўлди. Осон эмас экан.

Янги «Пахтакор» эса мана шулардан хулоса чиқариб иш олиб бориши лозим. Тез кўтарилган нарса тез қулайди, дейишади. Суперклуб тузиш - чакана иш эмас. Биринчидан, истайсизми ёки йўқ, таркибни кучайтириш учун кўплаб янги футболчилар таклиф этилади.

Бу эса тушунмовчиликларни юзага келтириши турган гап. Янгилар орасида жамоага киришиб кета олмайдигани, албатта, топилади. Бу эса қайсидир позициянинг кучсизланишига олиб келиши муқаррар.

Шу боис таркибни тўлиқ шакллантириш бир неча йил талаб қилади. Боз устига, рақиблар ҳам қараб турмаслиги аниқ. Осиёни қўя туринг, ўзимизнинг олий лигада ҳам «Пахтакор»га осон бўлмайди. «Локомотив» ҳамон кучли таркибга эга ва чемпионатда катта ишонч билан етакчилик қиляпти.

«Темирйўлчилар» келаси мавсум ҳам пешқадамликни осонликча бериб қўймасликларии турган гап. «Бунёдкор» эса таркибни кучайтириб, аввалги мавқеини тиклаш билан банд. Бу ёқда яна узоқ йиллардан буён барқарор ўйин намойиш этиб келаётган «Насаф» бор. Қолаверса, элитада «Қўқон-1912»га ўхшаган клублар сенсация яратадиган вақтларга ҳам етиб келдик.

«Пахтакор»нинг бу қийинчиликларни енгиб ўтиши учун уч-тўрт йил талаб қилинади. Агар кимдир клубдан ҳозирнинг ўзида муваффақият кутаётган бўлса, адашади. Албатта, мухлис халқи ғалабага ўч бўлади, аммо ҳақиқий ишқибоз, шу билан бирга, эҳтимолий омадсизликка ҳам тайёр туриши лозим.

Юқорида суперклуб ташкил эта олмаган икки жамоа ҳақида гаплашдик. Шу ўринда энди Россиянинг «Краснодар»ини ҳам мисол тариқасида келтириб ўтсак. Бу клуб хўжайини Сергей Галицкий мутлақо бошқа йўлдан кетди ва аста-секин, эволюцион йўл билан жамоани кучайтириб бормоқда. У, энг аввало, академияга эътибор қаратди.

Кейин эса таркибни шакллантирди. Бироқ бу ишни ҳам бирдан эмас, босқичма-босқич амалга оширди. У ҳозирга қадар катта маблағ эвазига легионер олиб келмади, пулини ўйлаб сарфлаяпти. Шу боисми, «Краснодар» мунтазам равишда кучли учлик учун курашмоқда. Вақти келиб чемпион бўлса, ажабланмаймиз.

Хўш, «Пахтакор» қайси йўлни танлайди? Бунисини энди вақт кўрсатади. Биз эса, ниҳоят, Ўзбекистондан клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоа чиқишини истаймиз. Ва бунинг учун қанча кутиш керак бўлса, тайёрмиз. Муҳими - икки-уч йилдан сўнг «Пахтакор»даги ўзгаришлар тўхтаб қолмасин...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Пахтакор» ва футболимиздаги ўзгаришлар тўхтамасин!