10:38 / 13.04.2019
2 339

Осиё Кубогидаги муваффақият ҳақида Вадим Абрамов билан суҳбат

Осиё Кубогидаги муваффақият ҳақида Вадим Абрамов билан суҳбат
Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби мавсумлар оралиғида Вадим Абрамовни клуб бош мураббийи этиб тайинлади. Дисквалификация сабаб бир муддат футболдан узоқда бўлган Абрамов яна катта футболга қайтгани мухлисларни хурсанд қилди. Tribuna.uz «Бунёдкор» клуби меҳмони бўлди ва Вадим Абрамов билан суҳбат уюштирди.

«Трактор»да ҳам, ҳозирги «Бунёдкор»да ҳам футболни яхши кўрадиганлар йиғилган»
Абрамовнинг бугунги клуби «Бунёдкор» унинг 2000 йиллар аввалидаги «Трактор» жамоасини эслатиб юборади. «Трактор»да ҳам ёш футболчилар кўп эди, бугунги «Бунёдкор» ҳам асосан ёш «қалдирғочлар»дан иборат. Мураббийдан икки жамоасининг ўхшашлиги ҳақида сўрадик ва Абрамов ҳар икки жамоасида футболни яхши кўрадиган йигитлар йиғилганини айтди:

«Албатта, «Трактор» билан боғлиқ яхши хотиралар қолган, лекин улар энди тарихга айланди. Инсон келажак ҳақида ўйлаши керак. Бу жамоаларнинг ўхшашлиги шундаки, ўша «Трактор»да ҳам, ҳозирги «Бунёдкор»да ҳам футболни яхши кўрадиган, футбол ўйнашни ўрганишни хоҳлайдиган футболчилар йиғилган. Бизнинг вазифамиз уларнинг ўсишларига ёрдам бериш. Ҳозир 5 та футболчимиз олимпия терма жамоасида ўйнайди. Биз уларнинг сонини кўпайтиришимиз керак».

«Ёш футболчиларда стабиллик етишмайди»
«Пахтакор»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг мураббий жамоаси тезроқ ғалаба қозониши кераклигини айтганди. «Бунёдкор» Суперлига 3-турида Наманганда меҳмон бўлиб, «Навбаҳор»ни мағлуб этди. Суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг жамоасида тажрибали футболчилар бўлганида, бундай ғалабалар осонроқ қўлга киритилган бўларди:

«Мавсумдаги илк ғалабамизни қўлга киритган бўлсак-да, муаммоларимиз ҳал бўлди деб айта олмайман. Чунки ҳали чемпионатнинг боши. 5-6 тур ўйинларидан сўнг кимнинг қандай ҳолатда экани билинади. Бизнинг таркибимизда ёш футболчилар ўйнашининг устунликлари ҳам бор, лекин бунинг ўзига хос минуслари ҳам йўқ эмас.

Ёш футболчилар ўйинга, ғалабаларга чанқоқ бўлишади, лекин уларда стабиллик етишмайди. Масалан биз Намангандаги ўйинни хотиржам ютишимиз мумкин эди. Агар тажрибали футболчилар бўлганида ҳисобни сақлаб қолишимиз осон бўларди, лекин ёш футболчиларимизда етишмаган стабиллик сабаб 2:0 ҳисоби 2:2 га айланди. «Навбаҳор»ни енгганимиз бизнинг омадимиз бўлди.

Бугун бизда учта тажрибали футболчи бор: Хуршид Ғиёсов, Дилшод Аҳмадалиев ва Мурод Зуҳуров. Улар ёш футболчиларни ўз ортидан эргаштириши керак».

«Осиё Кубогидаги муваффақиятимиз сабабчиси - футболчилар»
Вадим Абрамовни машҳур қилган мусобақа 2011 йилги Осиё Кубоги ҳисобланади. Қатарда ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон миллий жамоаси ярим финалгача етиб борганди. Мураббий ўша мусобақадаги хотиралари билан ўртоқлашди:

«Биз Осиё Кубогига жуда яхши тайёрланганмиз. Чемпионатгача 1 ой давомида яхши жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказиб, ютқазмаганмиз. Баъзилар учун Қатарни мағлуб этишимиз кутилмаган бўлиши мумкин, лекин биз мусобақадан олдин юқори савияда ўйнай олишимизга ишонардик. Ўша мусобақада яхши натижа кўрсатишимизга асосий сабаб футболчилар бўлган. Улар кўрсатмаларни яхши бажаришгани учун биз яхши натижага эришганмиз».

Иорданияга қарши чорак финал ўйинида Улуғбек Бақоев иккита гол урган ва Ўзбекистон миллий жамоасининг тарихий ғалабасига сабаб бўлганди. Ваҳоланки, Бақоев гуруҳ босқичида ўйнамаган. Бақоевнинг Осиё Кубогига бориши охирги вақтларда аниқ бўлганди. У ҳимоячи Ярослав Крушельницкийнинг ўрнига мусобақага олиб кетилганди. Абрамов нега ҳимоячининг ўрнига ҳимоячи эмас, ҳужумчи олиб кетганини тушунтирди:

«Мусобақага 23 нафар футболчини олиб кетишимиз керак бўлгани учун ҳал қилувчи йиғинда икки киши чемпионатдан қолиб кетиши керак эди. Масалан Лутфулло Тўраев Қатарга бора олмаганидан афсуслангандим. Чунки яримҳимояда бизда футболчи кўп эди. Крушельницкийга келадиган бўлсак, у асосий таркибда ўйнашига мени ишонтира олмади. Шу сабаб унинг ўрнига бошқа футболчини таклиф қилдик. Ҳимоячилардан кўнглим тўқ эди, шунинг учун ҳужумчи олишга қарор қилдим. Улуғбек Бақоев тўпурарлик хусусияти билан ажралиб турадиган футболчи. Уни олиб кетдик ва бу бизга фойда берди».

«Одил марказий ҳимояда бор маҳоратини кўрсата олганди»
Осиё Кубоги-2011 баҳсларида Одил Аҳмедов марказий ҳимояда ўйнаган. Таянч ярим ҳимоясида мамлакатнинг тенгсиз футболчиси эканини исботлаган Одил жамоанинг энг муаммоли нуқтасини тўлдиради. Абрамов Одилни нега марказий ҳимояда ўйнатгани ва футболчи бунга қандай муносабат билдирганини ҳикоя қилиб берди:

«Осиё Кубогидан олдин Одилни марказий ҳимояда ўйнатишни бошлагандик. Шунда Одил менинг олдимга келиб «Карленич, агар таянч яримҳимоясида мендан яхшироқ футболчи бўлса, захирада ўтиравераман», деганди хафа бўлгандек кўриниб. Лекин мен унга Германия таянч яримҳимоячиси Франц Беккенбауэрни марказий ҳимояга ўтказганидан сўнг жаҳон чемпиони бўлганини, Матиас Заммер ҳамда Лотар Маттеуслар ҳам марказий ҳимояга кўчганидан сўнг Германия жаҳон чемпиони бўлганини тушунтирдим.

Бизда ҳужумни бошлаб берувчи ҳимоячилар бўлмагани сабаб Одилни ўша чизиқда ўйнатишга қарор қилдим. Биринчидан бунга мажбур бўлдим, иккинчидан жамоа манфаатлари учун шундай ўзгариш қилдим. Чунки Одил бўшлиқ бўлса, яхши ўйнайди. У тўпни олиб узоқ масофага югуришни яхши кўради. Таянч ярим ҳимоясида эса футболчилар зерикиб қолишади. Одил ўзининг бор маҳоратини кўрсатиши учун марказий ҳимоя қулай нуқта деб ҳисоблагандим.

Одил 2-3 нафар футболчини бемалол алдаб кета олади. Шу сабаб унга олдинга бориши имконини бердик ва Одил яхши ўйин кўрсатди. Марказий ҳимоячининг ҳужумни бошлаб бериши жуда муҳим. Ҳимоячи тўпни ярим ҳимоячига узатади, ярим ҳимоячи ҳужумчига. Шунда футбол мухлислар ёқтирадиган кўринишда бўлади. Агар дарвозабон тўпни тўғри ҳужумга қараб тепиб юборса, бу кўпроқ американча футболга ўхшаб қолади».

«Корейслар бўшашиб қолишди деганимда Жепаров жилмайиб қўйганди..»
2011 йилги Осиё Кубогининг 3-ўрин учун ўйинида Ўзбекистон Жанубий Корея билан ўйнаган ва 2:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. Ўша ўйинда Абрамов шогирдлари мағлуб бўлганларига қарамай, ирода кўрсатишганди. Мураббий ўша ўйинни яхши хотиралар билан эслади:

«Австралияга қарши 0:6 ҳисобида мағлуб бўлганимиздан сўнг 3-ўрин учун ўйинга футболчиларни тайёрлаш осон бўлмаганди. Чунки финалгача бир қадам қолганида аламли тарзда мағлуб бўлганмиз. Биз учта гол ўтказиб юборганимиздан сўнг Гейнрих танаффусдан аввал пенальтидан гол урган. Ўша вазиятда Олим Навкаровга қарши қўполлик ишлатилганди.

Танаффусда йигитларга корейслар бўшашганларини, улар ўйин ҳал бўлди деб ўйлай бошлаганларини айтдим. Бу гапни эшитган Жепаров эса корейслар бўшашмаслигини айтиб, истеҳзоли кулиб қўйди. Мен унга «Ишон, биз ғалаба қозона оламиз», дедим. Биз иккинчи голни ҳам урдик ва кейинчалик катта устунликка эга бўлдик, лекин омадимиз келмади. Саломов яратилган вазиятдан фойдаланганида ҳаммаси бошқача бўларди».

«Тактик карточкалар» ҳақида
Абрамов жамоаси ЖЧ-2014 3-саралаш босқичининг 5-турида Тожикистонга қарши ўйнаган ва ўша ўйинда кўплаб футболчиларимиз сариқ карточка олишган. Кейинчалик мураббий шундай кўрсатма бергани маълум бўлди. Мақсад ўша футболчилар кейинги саралаш босқичи ўйинларидан аввал карточкалардан «тозаланиб олиши» бўлган. Бироқ ОФК атайлаб сариқ карточка олган футболчиларни дисквалификация қилди ва Эронга қарши 4-саралаш босқичи ўйинида 9 нафар футболчи ўйнай олмайди. Абрамов ўша ҳолатга изоҳ берди:

«Бизни фэйр плейга мос келмайдиган иш қилди, деб дисквалификация қилишди, лекин биз ҳеч кимни хафа қилмадик-ку? Ҳеч кимга жароҳат етказмадик. Футбол бу тактик спорт. Биз футбол таклиф қилган қоидалардан келиб чиқиб ҳаракат қиламиз. Нега мен ўз хаёлимга келган ишни қилмаслигим керак?

Аввало, ОФКнинг саралаш цикли тушунарсиз тузилганди. Биз гуруҳда Япония, Шимолий Корея ва Тожикистон каби кучли жамоаларга қарши ўйнарканмиз, лекин бошқа финал босқичига чиққан жамоалар Камбоджа каби жамоалар билан ўйнашаркан. Мен ҳеч бир жамоани камситмоқчи эмасман, лекин бизнинг гуруҳдошларимиз кучлироқ эди.

Ўз-ўзидан кучли жамоаларга қарши ўйинларда контакт кўп бўлиб сариқ, қизил карточка олиш хавфи ошади. Биз шунинг олдини олиш мақсадида тактика ишлатмоқчи бўлгандик, холос. Бир саралаш босқичидан сўнг карточкалар «тозаланиши» керак деб ўйлайман, лекин ОФКда бундай эмас».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё Кубогидаги муваффақият ҳақида Вадим Абрамов билан суҳбат