09:39 / 10.06.2019
2 273

Португалия Миллатлар лигасининг илк ғолибиги айланди

Португалия Миллатлар лигасининг илк ғолибиги айланди
Криштиану Роналду ва Ко Евро-2020 учун саралашда муваффақиятсизликка учраган тақдирда ҳам қўшимча имкониятга эга. Бу УЕФАнинг янги турниридаги ғалаба эвазига бўлди.

Миллатлар лигаси A
Финал
Португалия - Нидерландия - 1:0 (0:0)
Гол:
Гонсалу Гедеш, 60.
Португалия: Руй Патрисиу, Семеду, Рубен Диаш, Жозе Фонти, Рафаэл Геррейру, Виллиам Карвалью (Невеш, 90+3), Данилу Перейра, Бруну Фернандеш (Жоау Канселу, 81), Криштиану Роналду, Гонсалу Гедеш (Рафа Силва, 75), Бернарду Силва.
Нидерлландия: Силлессен, Дюмфрис, де Лигт, ван Дейк, Блинд, Ф.де Йонг, Вайналдум, де Рон (Л.де Йонг, 81), Бергвайн (ван де Бек, 60), Депай, Бабел (Промес, 46).
Огоҳлантиришлар: Дюмфрис, 88. ван Дейк, 90+1.
Ҳакам: Ундиано Мальенко (Испания).
9 июнь. Порту. «Драгау» стадиони.

Таркиблар
Миллатлар лигаси турнири финалига терма жамоалар энг кучли таркибларини туширишди. Европанинг амалдаги чемпионларини ўйинга паспортига кўра 34 ёшли, лекин ҳамиша навқирон сардор Криштиану Роналду бошлаб тушди. Бу чинакамига авлодлар ва ғоялар тўқнашувига айланди. Қолаверса бу ўйинда ўртага илк кумуш кубок ва 10,5 миллион евро миқдоридаги мукофот пули тикилганди.

Роналд Куманни Криштианунинг швейцарларга қарши яримфинал ўйинидаги ҳет-триги асло чўчитмаганди. «Роналду яхши, аммо биз уни қандай тўхтатиб қолишни биламиз. Ўйлайманки, ван Дейк ва де Лигт бу вазифани бажара олишади», деганди ўйиндан олдин нидерландлар устози.

Куман «Аякс» сардори Англияга қарши яримфинал ўйинидаги қўпол хатосидан кейин ўзини қандай тутганидан таъсирлангани аниқ. Бундай вазиятдан кейин ўзни қўлга олиб, мудофаада идеал ўйин кўрсатиш ва ўйин тақдирини ўзгартириб юборадиган гол уриш ҳаммага ҳам эмас. Мураббий Англияга қарши ўйиндаги таркибни ўзгаришсиз финалга ҳам туширди. Нидерландия сўнгги беш йил ичида илк марта кетма-кет ўйинда бир хил таркибда ўйнади. Ҳатто яримфинал қаҳрамони Квинси Промес захирада қолдирилди.

Нидерландия зарбасиз. Португалия - очиқ зоналарсиз
Фернанду Сантуш эса ҳамкасбидан фарқли ўлароқ таркибда ўзгаришлар қилди. Ўзгаришларнинг бир қисми мажбурий эди - Пепе жароҳат олганди. Бундан ташқари, Жоау Фелишнинг ўйинлари мураббийда катта таассурот қолдира олмаганди, мураббий унинг ўрнида Гонсалу Гедешни ўйнатди. Данилунинг бошланғич таркибда пайдо бўлиши эса рақиб яримҳимояси кучли эканидан келиб чиққан ҳолда таянч зонасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ қарор эди. Қолаверса, бу мағлуб бўлмаслик рецепти эди - Португалия шу вақтгача ўйинни майдон марказида Данилу-Виллиам Карвалью жуфтлиги билан бошлаганида ютқазмаган.

Бу футболчилар биринчи бўлимда Нидерландиянинг ижодкор футболчиларига имкон беришмади. Танаффусга қадар меҳмонлар дарвоза томон бирор марта аниқ зарба йўллай олишмади. Аниқ зарба тугул бирорта зарба берилмади. Эҳтимол, бу ўйинда 81-марта Португалия терма жамоаси либосини кийган Руй Патрисиунинг фаолиятидаги энг осон 45 дақиқалик шу бўлгандир.

Португалия эса тез-тез ҳужум уюштирди ва кўп зарба берди (12 марта). Ҳужумлар уюштиришда энг кўп ҳаракат қилган футболчи Бруну Фернандеш бўлди. Мураббий уни қора ишлардан халос қилган, у ҳужум учлигидан фарқли равишда эркин зоналарга эга эди. Унинг бурчакка берган зарбаларидан бирини Силессен базўр қайтариб қолди.

Де Лигт идеал ўйнамади, Силессен қутқаролмади
Ўйиннинг иккинчи бўлими қувноқ руҳда бошланди. Вейналдум яккама-якка вазиятга чиқиб борди, ҳакам уни офсайд ҳолатида қолганини қайд этди, аммо йўллаган зарбани ҳам дарвозабон бартараф этганди. Танаффусда Бабел ўрнига тушган Промес билан Нидерландия бошқа жамоага айлангандек эди. Унинг ўйинларидан хулоса қилган ҳолда Куман кейинги ўйинларга ҳужумни ушбу иқтидор ўйини устига қуриши ҳам мумкин. Промеснинг саъй-ҳаракатлари гол билан якунланиши ҳам мумкин эди, аммо Депайнинг яқин бурчакка йўллаган зарбасини дарвозабон қайтарди.

Нидерландларнинг иккинчи бўлим бошидаги штурми тўхтаб, футболчилар бироз нафас ростлашга қарор қилишганида Португалия имкониятга эга бўлди ва ундан ажойиб фойдаланди. Де Лигт ва Силессеннинг ишончсиз ўйини голга олиб келди. Ҳимоячи рақибни жуда олдинда қабул қилди ва Бернарду Силванинг пасини ўтказиб юбориб, рақибни таъқиб қилмади - унинг ортида катта зона очиқ қолиб кетди. Дарвозабон эса терма жамоадаги юбилей - 50-ўйинида Гонсалу Гедешнинг у қадар хавфли бўлмаган зарбасини тўса олмади.

Лекин Нидерландия биринчи бўлимда бўлгани каби бутун ўйин давомида эҳтиёткор ҳаракатланишининг имкони йўқ эди. Ўтказиб юборилган голдан кейин меҳмонлар шошила бошлашди, Куман дарҳол Бергвайн ўрнига ван де Бекни туширди, у ҳужумлар уюштиришда фаоллик кўрсатди. 81-дақиқада майдонга ташланган Люк де Йонг ҳам иккита имкониятга эга бўлди. Патрисиу дарвозаси томон бирин-кетин хавфли зарбалар йўлланди, аммо португаллар 1:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қолишни ҳадисини олишганди.

Қолаверса, нидерландлар ҳужум уюштирганда орқада очиқ зоналар қола бошлади ва Португалия хавфли қарши ҳужумлар уюштириб турди. Ўйин охирида эса португаллар рақиб жарима майдонида пенальти ишлашга ҳаракат қилди. Аммо икки сафар ҳам Альберто Ундиано Мальенко уларнинг ҳийлаларига учмади.

Нидерландия яхши ўйнади, аммо Португалия ундан яхшироқ. Тажриба, иштиёқ ва ақл устунлик қилди. Нидерландларнинг вақти ҳали келмади, бу жамоанинг ҳақиқий кучини 2020 йилги Европа чемпионати ва 2022 йилги жаҳон чемпионатида кўрамиз, ҳозир эса Роналду ва жамоа бу ёшлар учун ҳаддан ташқари тажрибали рақиб бўлиб чиқди. Улар ҳақиқий чемпион ва расман Европанинг энг кучли жамоаси!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Португалия Миллатлар лигасининг илк ғолибиги айланди