date

5 та машинани уриб кетган рақамсиз қора Gentra иши бўйича қарор чиқди

5 та машинани уриб кетган рақамсиз қора Gentra иши бўйича қарор чиқди

Тошкент шаҳарининг Чилонзор туманида жорий йилнинг баҳорида содир бўлган резонанс ҳодиса бўйича суд қарорини чиқарди. Йўл-патруль ходимидан қочиб, бир нечта автомобилни уриб кетган йигит ва қиз жиноий жавобгарликка тортилди, деб хабар берди “Миллар” дастури.

Маълумотларга кўра, жиноий иш Чилонзор туман судида судя Аббосжон Абдуғаффоров раислигида кўриб чиқилган. Суд ҳужжатларида келтирилишича, воқеа содир бўлган вақтда Gentra автомобилида бўлган йигит ва қиз наркотик моддалар таъсирида бўлган, аммо улар буни рад этган.

Тергов маълумотларига кўра, автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган қиз бошқарган, машина эса йигитнинг отаси номида бўлган. Улар давлат рақам белгисини ечиб ташлаб, автомашинани шундай ҳолда ҳайдашган. Йўл-патруль ходими уларга тўхташ ишорасини берганида, улар бу буйруққа итоат этмай, йўлда қочишни давом эттирган.

Қочиш жараёнида Gentra бешта бошқа транспорт воситасини уриб кетган ва фақат авария содир бўлганидан кейин тўхтаган. Қиз суддаги баёнотида шундай деган: “Ҳаракатланиб кетаётганда бизга ЙПХ ходими тўхташ ишораси берди. Биз тўхтамадик, чунки машинанинг давлат рақами йўқ эди. Кейин қувлаш бошланди, мен қочдим ва авария бўлди. Ҳеч ким менинг хатомни такрорламасин.”

Ҳодиса оқибатида бир нечта автомашинага шикаст етган, бироқ уларнинг эгаларига етказилган зарар кейинчалик тўлиқ қопланган.

Бўлиб ўтган ишларни ўргангандан кейин, Чилонзор туман суди йигит ва қизни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) бўйича айбли деб топди.

Суд ҳукмига кўра, йигит илгариги ҳукм билан тайинланган жазо қисман қўшилган ҳолда 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Қиз эса 4 йилга озодликни чеклаш жазосига тортилди.

Эслатиб ўтамиз, қора Gentra иштирокидаги ушбу ҳодиса 2025 йил 19 апрель тонгида содир бўлган эди. ЙПХдан қочиш ва йўлдаги бошқа ҳайдовчиларга хавф туғдириш жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Суднинг мазкур ҳукми орқали, мутахассислар таъкидлаганидек, йўл қоидаларини қасддан бузиш ва давлат органлари талабларига итоат этмаслик каби ҳолатларга нисбатан жазо муқаррарлиги яна бир бор намоён бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 5 та машинани уриб кетган рақамсиз қора Gentra иши бўйича қарор чиқди