date

Талабалар билан индивидуал ишлаш учун тюторлар тайинланади

Талабалар билан индивидуал ишлаш учун тюторлар тайинланади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси олий таълим муассасаларида тюторлик фаолиятини ташкил этиш бўйича муҳим қарор қабул қилди. Янги низомга кўра, университет ва институтларда талабалар билан индивидуал ишлаш тизими – тюторлик амалиёти жорий этилади. Бу ҳақда ҳукумат қарорида маълум қилинди.

Қарорнинг асосий мақсади — талаба-ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг шахсий ҳамда касбий ривожланишида яқиндан кўмаклашишдир. Шу орқали талабаларнинг таълим жараёнига мослашишини енгиллаштириш ва улар билан шахсий тарзда ишлаш механизмини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Низомда тюторларнинг асосий вазифалари аниқ белгиланган. Улар талабаларга таълим муҳитига тезроқ мослашишда ёрдам беришади, ахборот технологиялари ва ресурсларидан фойдаланиш бўйича маслаҳат беришади. Шунингдек, улар талабаларнинг шахсий қизиқиш ва касбий мақсадларини ривожлантириш учун индивидуал ва гуруҳ суҳбатлари ўтказади.

Тюторлар талабаларни университет ички қоидалари, ахлоқ кодекси ва маҳаллий ҳужжатлар билан таништиради. Шу билан бирга, ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга ҳурмат, ҳаётга ишонч ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш ҳам уларнинг зиммасида бўлади.

Яна бир муҳим йўналиш — талабаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш. Тюторлар уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт ва жисмоний фаолликни тарғиб қилишда ҳам фаол иштирок этади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган талабалар, етим ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун алоҳида ечимлар таклиф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш ҳам тюторларнинг вазифалари қаторида.

Низомга кўра, ҳар бир тюторга 1–3 курсда таҳсил олаётган 120–150 нафар талаба бириктирилади. Уларнинг яшаш шароити, ижтимоий аҳволи доимий равишда кузатиб борилади, ота-оналар билан алоқа йўлга қўйилади.

Тютор бўлиш учун олий маълумотга эга бўлиш талаб этилади. Илмий даража ёки унвонга эга бўлганларга устунлик берилади. Шунингдек, номзод педагогик ва психологик билимга, тарбиявий ишлар бўйича тажрибага ҳамда намунавий шахсий фазилатларга — маданият, фаоллик, масъулият ва ташаббускорликка эга бўлиши керак.

Янги тизим самарадорлигини баҳолаш учун махсус кўрсаткичлар (KPI) жорий этилади. Бу орқали ҳар бир тюторнинг фаолияти аниқ натижалар асосида баҳоланади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, тюторлик тизими талабаларнинг таълим жараёнига бўлган муносабатини ўзгартириб, уларнинг шахсий ривожланишини чуқурроқ қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу янги тизим олий таълим муассасаларида маънавий муҳитни кучайтириш ва талаба ҳамда мураббий ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга замин яратади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Талабалар билан индивидуал ишлаш учун тюторлар тайинланади