date

Мурод Назаров қурилишда “пойдевордаги уйга пул тикиш”ни танқид қилди

Мурод Назаров қурилишда “пойдевордаги уйга пул тикиш”ни танқид қилди

Таниқли тадбиркор ва қурилиш соҳаси вакили Мурод Назаров IMAN подкастидаги суҳбати давомида сўнгги йилларда оммалашиб бораётган “под котлован” — яъни қурилиши энди бошланган уйларга сармоя киритиш тенденцияси ҳақида ўз фикрини билдирди. У бу амалиётга ҳаддан ортиқ берилиб кетишни хатарли деб баҳолади ва инвесторларни эҳтиёткор бўлишга чақирди, деб хабар берди IMAN подкасти.

Назаровнинг таъкидлашича, кўплаб одамлар қурилиш энди бошланган лойиҳаларга маблағ тикиб, кейин бу уйларни қимматроқ нархда сотиш орқали тез фойда олишни ният қилишмоқда. Аммо у бу стратегия ҳамма учун тўғри ечим эмаслигини таъкидлади.

“20 минг, 30 минг долларингиз бўлса, ‘пойдевор ҳолатидаги уйга тикинг’, дейишни эшитяпсизлар. Менинг ўзимда 50 минг, 100 минг ёки миллион доллар бўлса ҳам, ‘под котлован’ уйга пул тикишни маъқул кўрмаганман. Бу фикримни доимо айтаман. Чунки бу усул кўпчилик учун хавфли. Ҳозир жуда кўп одамлар шундай йўл тутмоқда, аммо ҳаммаси ҳам фойда кўраётгани йўқ”, – деди тадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, кўпчилик бу уйларни қурилиш жараёнида арзон нархда олиб, кейин нархи ошганда сотишни режалаштиради. Бироқ бозорда бундай “инвесторлар” сони кўпайгани учун бу модель энди унчалик самарали ишламайди.

“Очиғини айтай, уйнинг нархи қурилиш тугагач, бироз кўтарилиши мумкин. Лекин бу ҳамма учун фойда кафолати эмас. Чунки харидорлар кўпайиб кетди. Натижада кўп одам уйини сотолмаяпти. Шунинг учун бу ишни эҳтиёткорлик билан қилиш керак”, — дея таъкидлади Назаров.

Тадбиркор фикрича, сармояни “қаёққа бўлса ҳам тик” деган фикр билан эмас, балки мақсад ва қиймат яратиш нуқтаи назаридан қараб йўналтириш лозим. “Агар уй керак бўлса — олиш керак. Лекин фақат сотиш нияти билан пойдевордаги уйга пул тикиш — иқтисодий жиҳатдан тўғри қарор эмас”, — деди у.

Мурод Назаров бу ҳолатни “молиявий иллюзия” деб атади: “Вақт ўтиши билан нарх ошади, деб ҳисоблаймиз. Лекин бу ҳақиқий ўсиш эмас. Агар пул жонли бизнесга, ишлаб чиқаришга ёки хизмат соҳасига йўналтирилса, у ерда янгидан қиймат яратилади. Бу эса жамият учун ҳам, иқтисодиёт учун ҳам фойдали бўлади.”

Унинг фикрича, ҳақиқий инвестиция — бу нархнинг вақт билан эмас, яратилган қиймат ҳисобига ўсиши. “Пул айланса, иш ўринлари яратилади, маҳсулот пайдо бўлади ва натижада ҳақиқий иқтисодий ўсиш кузатилади. Бу — йўқдан бор қилишнинг энг соғлом усули”, — дея хулоса қилди тадбиркор.

Мурод Назаровнинг мазкур чиқиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Кўплаб фойдаланувчилар унинг фикрини “реал бозор шароитидаги тўғри сигнал” сифатида баҳолашмоқда ва бу мулоҳазаларни қурилиш соҳасидаги ортиқча спекуляцияларга қарши ҳушёрлик даъвати деб қабул қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мурод Назаров қурилишда “пойдевордаги уйга пул тикиш”ни танқид қилди