Рўзиқул Бердиевнинг акаси Махмаюсуф Бердиевдан чемпионлик қонуни ҳақида.
Бир гал, ўзбек футболи профессори, устоз Рустам Акрамов билан суҳбатлашганимда, у кишига қуйидагича савол билан мурожат қилдим: - Устоз, мана сиз, Осиё Ўйинлари чемпиони бўлгансиз, чемпионлик қонунга биноан содир бўлади. Осиё ўйинлари ҳали бошланмади – ю, лекин сиз чемпионлик ҳақида фикр юритгансиз, ёки орзу қилгансиз? – деган саволимга, анча вақт ўйланишдан сўнг, «Ҳа, ўйлаганман», - деган тасдиқ жавобини олдим. Бу ерда ҳеч қанақа тасодифлик йўқ. Чемпионлик – мутлақ ишончга таянади. Албатта, мантиқ билан бу нарсани тушунтириб бўлмайди. Бу қонуниятни фақат чемпион бўлганларгина пайқай олиши мумкин.
ЕВРО – 2016 мусобақаси бошланишидан ўн кунча аввал, тасодифан бир даврага бориб қолдим. Бу даврада барча футбол билимдонлари, фанатлар, «мутахассис»лар йиғилишган эди. Улар менга шундай савол билан мурожаат қилишди: - ЕВРО-2016 да қайси жамоага мухлислик қиласиз? Мен эса, «ҳеч қайси жамоага мухлислик қилмайман, аммо Португалия Европа чемпиони бўлади», -дедим. Улардан эса «Португалия - чиринди жамоа!», - деган жавобни олдим.
Мен фол очмадим, ҳурматли фолбинларим! Фолга ишонмайман, фолбинларни эса жиним суймайди. Мен қонунга биноан ташхис қўйган эдим. Бу қонуниятни қандай ишлашини текшириб кўриш ишқида ёнардим. Лекин, ташхис қўйиш учун асосингиз бўлиши керак. Агар асосингиз бўлмаса, сизни ташхисингиз фолдан бешбаттар натижа билан тугаши мумкин. Мен ЕВРО – 2016 да деярли футбол томоша қилмадим, шунчаки, қонуниятни қандай амалга ошишини кўришдан чексиз завқ олдим. Португалия – Европа чемпиони бўлди.
Бир гал «Насаф» клуби раҳбари таклифига биноан футбол академияси мураббийларига тренинг – семинар ўтказишимга тўғри келди. Мураббийлар ичидан, энг обрўлисига, энг тажрибалисига шунақа савол билан мурожаат килдим: - Мана, тасаввур қилинг, бор хаёлпарастлигингизни ишга солиб тасаввур қилинг-ки, сиз Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийисиз. (Нима учун терма жамоа? Шунинг учун-ки бу қонуният Ўзбекистон терма жамоасида яққолроқ намоён булади. Сиз мураббиймисиз, мутахассис, журналист, мухлисмисиз, бунинг аҳамияти йўқ. Сиз ҳам тасаввур қилиб кўришингиз мумкин).
Сизнинг қўл остингизда ўзингиз ҳоҳлаган футболчилардан иборат бутун бошли жамоа мавжуд. Сиз терма жамоа бош мураббийисиз. 2022 йил Қатар давлатида бўладиган жаҳон чемпионатида ўзингизни ва терма жамоа олдига қўйган энг олий мақсадингизни айтинг? – деб, савол бердим. У киши узоқ ўйланишдан сўнг: - Менинг энг олий мақсадим, жаҳон чемпионатига чиқишдир! – дея, жавоб бердилар. Биз ким бўлишимиздан қатъий назар, ҳаммамиз ҳам деярли худди шундай жавоб берамиз. Фикримга қўшиласизми? Ҳаммамиз ҳам интеллектуал ривожланиш даражамиздан келиб чиққан ҳолда бир – биримиздан жуда узоқлашиб кетмаганмиз. Ҳаммамиз ҳам деярли бир хилда фикрлаймиз.
Энди, айнан сиз ва футболчиларингиз фикрлари, ғоялари, мақсадлари, руҳиятингизда бўладиган жараёнлар, нимага олиб келишини мантиқан ёндошиб, бу нарсани «камончи» мисолида кўриб чиқамиз.
Тасаввур қилинг, Сиз – камончисиз! Қўлингизда камон ва пайкон. Қаршингизда, эллик метр масофада нишон турибди. Сиз бош мураббий – камончи, етакчисиз! Сизнинг онг – шуурингиздаги ғоялар, фақат сиз томонингиздан жамоа футболчилари онг – шуурига қўйилади. Камон – бу сизнинг жамоангиз. Пайкон – бу сизнинг ғоянгиз. Сиз нишон томон пайкон йўллаяпсиз. Нишон – марказга эга ва кўплаб айланалардан иборат. Нишоннинг маркази, бу – жаҳон чемпиони бўлиш. Марказга яқин биринчи айлана, бу – финал. Иккинчи айлана, бу – ярим финал. Учинчиси – чорак финал… Ва охирги учта катта айлана, бу - гуруҳ босқичи. Тасаввур қилдингизми?
Мен мураббийимизга: - сиз фикран ва руҳан нишонни қаерини мўлжалга олдингиз? – деган саволни берганимда, у ўзида жуда ноқулайликни хис қилди.
Қадрдонларим! Тушунсангизчи, «мен жаҳон чемпионатида футбол ўйнашни орзу қиламан!»,- деган фикр - мавҳум фикр, ўлик фикрдир. Тилимиздан чиққан ҳар бир сўз ёки гап жуда кучли даражада энергетик қувватга эга. Битта яхши сўз бизга кучли даражада энергетик қувват беради, битта ёмон гап бизнинг барча ички қувватимизни суғуриб олиши мумкин. Бизнинг онг – шууримиздаги фикр ёки ғоя бундан минг баробар кучли даражада куч - қувватга эга!
Бизнинг руҳиятимизни «кўз»и боғланган. Сиз ҳеч қаерни мўлжал олганингиз йўқ! Отган пайконингиз қаерга бориб тушаяпти? Худди ўша ерга! Яъни, ҳеч қаерга… Мабодо, сиз нишон марказини мўлжал олишингизда қандайдир хатоликларга йўл қўйсангиз, пайконингиз нишон марказига тушмаслиги мумкин, аммо пайконингиз нишондан чиқиб кетмайди. Нишон марказини мўлжал олишингиз сиз ўйлагандек жуда «ахмоқона» нарса эмас.
Бир – икки марта эмас, беш – олти марталаб пешонамиз деворга бориб урилди – ку, балким энди тушуниб етарсиз, ҳеч нарсадан бирор нарса пайдо бўлмаслигини!
Хўш, энди нима қилмок керак?
Агар мураббийларимиз, футболчиларимиз «мен жаҳон чемпиони бўлишни орзу қиламан!», - деб айта бошласа нима содир бўлади? Нима рўй бериши мумкин?
Эшитмаяпман. Бу жуда ахмоқона гап дейсизми?
Қадрдонларим! Ҳозирги аҳволимиздан-да ахмоқона бўлиши мумкинми? Энг ахмоқона нарса биз билан рўй бериб бўлди. Бир марта эмас, бир неча марта. Ҳар гал терма жамоамизга битта гол етмай қолади ёки бир очко, яна жуда зарур бўлмаган пайтда ўз дарвозамизга ўзимиз гол уриб қўйишимиз мумкин. Сиз буларни барини тасодиф деб ўйлайсизми? Балки, сиз Дания ва Греция терма жамоаларининг Европа чемпиони бўлишганлигини, «Лестер»нинг Англия чемпиони бўлишини ёки Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Ўйинлари чемпионлигини ҳам тасодиф деб ўйларсиз?
Бундан уч йилча олдин, токи ўзимни ва инсон руҳий оламини ўрганмагунимча, кимдир бир бошқа одам шу гапларни менга айтганида, «бу одамни соғлиги жойида эмас…» деб уйлашим мумкин эди. Мен ашаддий материалист эдим. Материализм, реализм нима эканлигини биласизми? Талабалик йилларим бу фанлардан аъло баҳоларга ўқиганман ва барчасини ҳақиқат сифатида қабул қилганман. Ростдан ҳам ҳақиқат, аммо «чала» ҳақиқат. Битта оёқ билан юриш мумкинми, битта қанот билан учиш мумкинми? Вақтида мен ҳам худди сизга ўхшаб, кўзим билан кўрмагунча, қўлим билан ушлаб кўрмагунча ҳеч қачон ҳеч нарсага ишонмаганман. Аммо, бугунги кунда мен англаб ва тушуниб етаётган нарсаларим натижасида менинг материалистик дунёқарашларим чок – чокидан сукилиб бораяпти.
Биз ҳар доим жаҳон чемпионати саралаш мусобақасига киришишдан олдин «муаммо»ни яратамиз. Сўнгра бу «муаммо»ни ҳал қилишга киришамиз. Ва бутун умр худди ғилдирак ичидаги олмахон каби: пайдо қиламиз – ҳал қиламиз, пайдо қиламиз – ҳал қиламиз, пайдо қиламиз – ҳал қиламиз. Охирида эса «даҳшатли», «оғриқли», «тушунарсиз» мағлубиятларга учраймиз. Нима қилмок керак? Олмахонни югуришдан тўхтатиш керак. Журналистларимиз бу нарсаларни жуда яхши ҳис қилишади. Улар бу нарсаларни «суғур куни» деб аташади. Бу ерда «олмахон» нимани англатади? Бу - сир.
Ўзбек футболининг асл муаммоси нимадан иборат? Ҳар ҳолда у ҳамма бир – бирига кўзини луқ қилиб ахтараётган жойда эмас. Бу муаммоларнинг илдизи собиқ иттифоқ мафкурасига бориб тақалади. Агар сиз юқоридан собиқ иттифоқ мамлакатлари футболига назар солсангиз, «нималарнидир» пайқай олишингизга ишонаман. Бунга тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Бу жуда кенг мавзу.
Олдимизда ҳар доим иккита йўл бор. Бизга фақат танлаш имконияти берилган, холос. Биринчиси - ҳеч қаерга олиб бормайдиган йўл. Иккинчиси - жаҳон кубогига олиб борадиган йўл. Топиб кўринг – чи, биз қайси йўлдамиз? Агар биз жаҳон кубогини қўлга киритишни орзу қилмас эканмиз, унга олиб борадиган йўлни қаерда эканлигини қаердан топамиз? Ҳа, тушунаман, бу сизга жуда қийин. Ҳа, тушунаман, бу сизга адабсизлик бўлиб туюлиши мумкин. Бунда қандайдир англашилмовчилик, қандайдир ноқўлайлик… Бугунги кундаги шаклланган фикрлаш нуқтаи назарингиздан олиб қараганда бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. «Буюк Қудрат» соҳиби бўлган ҳар бир инсоннинг имконияти жуда катта, шу жумладан фикрини ўзгартиришга ҳам.
Битта мақсадга эришишни минглаб, миллионлаб услублари мавжуд. Масалан, Хитой футболи ўзига аниқ мақсадга олиб борувчи йўлни танлади. Бу ҳам бир йўл, лекин жуда узоқ ва қимматбаҳо йўл. Бу йўл бизга тўғри келмайди. Биз энг самарали, энг натижали йўлни танлашимиз керак. Ва, бу йўл мавжуд.
Устозлар айтишади: «Ҳар бир бошланган йўл ўзида аллақачон охирини сақлайди». Бизнинг тарихимизда кўплаб буюк алломалар, донишмандлар, саркардалар етишиб чиққан. Шулардан бири Умар Ҳайём. Сиз Умар Ҳайёмни фақат шоир сифатида биласиз, фикримга қўшиласизми? Умар Ҳайём буюк устозлардан бири бўлган. У жуда машҳур шифокор, астроном, математик, давлат арбоби ва яна кўплаб нималардир бўлган.
Буюк Умар Ҳайём айтган эди: «Ёвуз одамлар тўдаси бу билимларни ёвузлик йўлида ишлатмаслиги учун мен ўз ҳақиқатларимни етти муҳр ва қирқ қулф ортига яширдим». Тор фикрли одамларнинг қўлига қудратли қурол тушмаслиги учун махфий ёзувнинг бутун бир илми ўйлаб топилган эди. Энди эса Умар Ҳайёмнинг рубоийларидан бир ҳовучини оласиз – да, ривожланиб кетган ҳозирги замон футболининг бошига туширасиз! Натижа берадими? Шунақа натижа берадики, бу тушунгизга ҳам кирмаган.
Қадрдонларим! Ўзбек футболини улкан муваффақият кутиб турибди. Бу муваффақиятни қарши олиш учун муносиб тайёргарлик кўришимиз керак, холос. Нима учун бу ҳақида тўла ишонч билан гапираяпман? Шунинг учун – ки, инсон руҳиятига оид бир қанча қонуниятларни пайқаб қолдим – ки, бу менга тўла ишонч билан гапиришимга имкон беради.
Ғалабага бўлган қобилият бизнинг ҳар биримизнинг ич - ичимизда мавжуд, биз уни намоён этишга тайёр бўлмагунча у ўзини асло билдирмайди.
Махмаюсуф Бердиев – руҳшунос мураббий.
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи