date

Смартфон бозорида янги саҳифа: Nokia катта ҳамкор изламоқда

Смартфон бозорида янги саҳифа: Nokia катта ҳамкор изламоқда

Финляндиянинг афсонавий брендларидан бири бўлмиш Nokia жорий йил бошида смартфон ишлаб чиқаришни тўхтатганини эълон қилганди. Орадан етти ой ўтиб, компания янгича ёндашув ва янги режалар билан бозорга қайтишини маълум қилди, деб хабар берди Android Authority.

Бу галги қайтиш одатдагидек эмас — Nokia ўз брендини якка ўзи эмас, балки ишончли ва тажрибали ҳамкор билан тиклашни режалаштирмоқда. Расмий манбаларга кўра, компания айни пайтда глобал миқёсда мобил қурилмаларни биргаликда яратиш ва тарқатишга тайёр ишлаб чиқарувчи қидирмоқда.

Охирги йилларда Nokia смартфонлари HMD Global билан тузилган лицензия келишуви орқали бозорда пайдо бўлганди. Бу шартнома 2026 йилда тугайди, аммо турли таҳлилларга кўра, уни узайтириш эҳтимоли жуда кам.

Ayni damda HMD ўз бренди остидаги қурилмаларни ишлаб чиқаришга аллақачон киришиб бўлган. Бу ҳолат Nokia билан бўлган муносабатларнинг аста-секин якун топаётганидан дарак беради. Яъни, Nokia энди ўз йўлини янги ҳамкорлар билан бошлашга қарор қилган.

Технологик таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бугунги кун ёш авлоди учун Nokia номи аввалги қийматни ифодаламайди. Қайта танилиш осон бўлмайди, чунки рақобат кучли, аудитория эса талабчан. Nokia сингари тарихий бренднинг замонавий бозорда қайта ўрин эгаллаши учун нафақат креатив ёндашув, балки замон талабига жавоб берадиган қурилмалар ва тўғри позициялаш керак бўлади.

Agar компания сифатли ҳамкор топса ва янги смартфонлар ҳақиқатан ҳам функционал ва эстетик жиҳатдан бозор талабларига жавоб берса, бу сўнгги қайтиш эмас, балки навбатдаги ривожланиш бўлиши мумкин. Акс ҳолда, бу ҳаракат рамзий ҳаракатдан ўта олмаслиги мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг январь ойида Nokia ўз бренди остида смартфон чиқаришни тўхтатганини расман эълон қилганди. Бу қарор ортида Apple ва Samsung сингари гигантлар билан рақобатлашишда қийинчиликлар бўлгани айтилган.

Энди эса, вақт кўрсатади — Nokia ҳақиқатан ҳам катта бозорга қайта оладими ёки тарихдаги бир саҳифа бўлиб қоладими. Аммо бир нарса аниқ: бу ҳаракат мухлисларда қизиқиш уйғотди ва бутун дунё бренднинг кейинги қадамини кузатяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Смартфон бозорида янги саҳифа: Nokia катта ҳамкор изламоқда