Португалия миллий жамоаси таркибидаги ҳужумчи Жоау Феликс ўз фаолиятида янги саҳифа очди. Яқинда у Англиянинг “Челси” клубини тарк этиб, Саудия Арабистонининг энг бой жамоаларидан бири — “Ан-Наср”га ўтиб кетди. Бу ўтиш жараёнида машҳур юлдуз Криштиану Роналдунинг шахсий таъсири катта бўлгани айтилади.
Маълумотларга кўра, ушбу трансфер ҳақида илк бўлиб Correio da Manhã нашри хабар берди. Ушбу манба таъкидлашича, Жоау янги клубида “Челси”да олганидан икки каррадан кўпроқ маош оладиган бўлди. Яъни, 25 ёшли футболчи Лондонда ҳар бир мавсум учун 7 миллион евро ишлаб топган бўлса, энди анча юқори даромадга эга бўлади.
Жоау Феликс учун “Бенфика” клуби ҳам рақобатда бўлди, ўз тарбияланувчиси бўлган футболчининг хизматларига йиллик 3 миллион евро таклиф қилгани маълум. Бироқ, Криштиану Роналдунинг ташаббуси ва таъсири билан Феликс Саудиянинг “Ан-Наср” жамоасига ўтишга қарор қилди. Бу қарор молиявий жиҳатдан ҳам унинг манфаатига бўлди — шайхлар унга ҳар бир мавсум учун 17,5 миллион евро маош тўлайдиган бўлишди.
Футбол оламида таниқли инсайдер Фабрицио Романо эса ушбу трансфер нархи 30 миллион еврони ташкил этгани, аммо футболчининг самарадорлиги ва натижаларига қараб бу сумма 50 миллион еврогача ўсиши мумкинлигини ёзди.
Якуний хулоса қилиш мумкинки, Жоау Феликс учун бу трансфер фақат янги жамоа эмас, балки молиявий ўсиш ва карьерасида янги босқич бўлди. Мухлислар эса, Феликснинг Саудияда қандай натижалар қайд этишини катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!