Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев ўз вазифасидан озод этилди. Бир қарашда бу кутилмаган хабар бўлиб кўринади. Чунки яқинда Саудиядаги саралаш баҳсларида унинг жамоаси 7 очко тўплаганди ва ёмон таассурот қолдирмаганди. Бунинг устига келаси йили бўладиган Осиё чемпионати юртимизда ўтади, шу боис саралаш баҳсларидаги натижалар аслида биз учун у қадар аҳамиятсиз ҳам эди. Шундай экан, Ғуломхўжаевнинг истеъфоси ҳақида саволлар келиб чиқиши мумкин.
ЎФА эса бу борада изоҳ берар экан, Саудиядаги Осиё чемпионати саралашининг охирги турида мезбонларга қарши учрашувда терма жамоамиз аъзолари ва мураббийларининг тартибсизликларни келтириб чиқаришда асосий айбдорлар деб топилгани ёзилган ва бу борада ОФКнинг қарори шундай бўлган. Шу сабабли ЎФА Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги мураббийлар штабини ишдан бўшатди. Биз эса вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ғуломхўжаев билан боғланганимизда истеъфо ҳақида фикр билдириб, юз берган воқеа аслида ундай бўлмаганини айтди.
- ЎФА томонидан чиқарилган қарорга кўра сизнинг бошчилигингиздаги мураббийлар штаби ёшлар терма жамоасидан истеъфога чиқарилди ва унда ёзилишича Саудия Арабистонидаги саралашнинг охирги баҳсида тартибсизликлар келтириб чиқаришда асосий сабабчилар сифатида кўрсатилгансизлар. Аслида воқеалар ривожи қандай бўлганди ва истеъфо ҳақидаги қарорга қандай муносабатдасиз?
- ЎФА сайтида биз ҳақимизда ёзилган хабарнинг ҳаммасига ҳам қўшилмайман. У ерда мен билан ёрдамчим Дониёр Усмонов биз муштлашувда иштирок этмаганмиз ва ҳеч қандай ножўя ҳатти-ҳаракатларни амалга оширмаганмиз. Саудия Арабистонига қарши ўйинда ҳакамлар ҳақида ҳеч нима демайман, инсофни ўзига берсин. Улар ўйинни «бузиб» юборишган. Саудиялик футболчилар «провакация» қилишгани учун йигитларимиз тортишиб қолишгани рост.
Шунчаки, ўша вазиятда кўпроқ бизнинг ўйинчилар камерага тушиб қолишган. Дониёр билан биз эса йигитларни ажратганмиз холос. Яна қайтараман, у ерда ҳеч қанақа ножўя ҳатти-ҳаракат бўлмаган. Бу – футбол ва унда хиссиётлар жунбушга келиши табиий. Тўғри, мураббий доим ўрнак бўлиши ва ўзини яхши тутиши керак. Лекин бундай мусобақаларда барибир хиссиётлар бўлади. Чунки биз ёшмиз ва бундай мусобақа биз учун дастлабки расмий ўйинлардир. Биз у ерда ватанимиз номидан ўйнадик. Ахир оғзимизни беркитиб қўя олмаймиз-ку.
Менга ҳеч бўлмаганда Европада хиссиётларга берилмайдиган мураббийни кўрсата оласизми? Ўтган сафар айтгандим, икки йил олдин ҳозирги таркибимиздаги 30-40 фоиз футболчиларимиз Саудияга қарши расмий ўйинда ўйнашган ва ўшанда вакилларимизни «эзиб» ташлашганди. Шу боис футболчиларимизда навбатдаги тўқнашувда кучли эканлигимизни исботлаймиз деган иштиёқи кучли бўлган. Тўғриси, шу куни бутун жамоамиз бир оила бўлиб, бутун вужуди ва эътиборини учрашувга қаратиб ўйнашганидан хурсандман. Қўл остимдаги йигитларни бир оила сифатида шакллантира олганимдан мамнунман. Бу мен учун фахр. Мураббийлар штабига ҳам ҳамжиҳатликда ишлаганимиз учун раҳмат.
Шунингдек, бизга Саудияга қарши ўйиннинг 82-дақиқасида Дониёр Усмонов ножўя ҳатти-ҳаракат қилгани учун ҳакам томонидан жазолагани айтилган. Ваҳоланки, ўша пайтда биз гол урганимиз учун мен билан Дониёр голни нишонлаётганди. Аксинча, дарвозабонлар мураббийи Валерий Карпенкога огоҳлантириш кўрсатилган. Дониёр эса ҳеч нима қилмаган. Ҳайронман, ОФК ўша вазиятни қайси кўзи билан кўрган экан? Голни нишонлаганимизда ҳам рақиб томонига ҳурматсизлик қилмаган ва йигитларни жанжаллашган пайтда фақат ажратган холос.
ОФК эса бу вазиятни нотўғри талқин қилган. Менга айтишлари бўйича ўша ўйиндаги воқеалар сабабли қанчадир миқдорда жарима пули ва иккита расмий учрашувга дисквалификация бўлишим мумкинлигини айтишди. Бу ҳолат бўйича Равшан ака Эрматов билан гаплашдим. Осиё чемпионатининг дастлабки иккита ўйинида дисквалификация туфайли ўйин чоғида мураббийлар штабида бўлмасанг бу жамоага қандай таъсир қилади деганида, агар иккита ўйинда менинг йўқлигим жамоага таъсир қиладиган бўлса, сиз нима десангиз шу бўлади дедим.
Лекин биз ҳеч қанақа муштлашувда иштирок этмаганмиз. Қўл остимдаги йигитлар билан бирга ишлаганимдан хурсандман. Улар билан натижа қила олдик. Ҳеч кимдан тилим қисиқ жойим йўқ. Барча терма жамоаларимизга омад тилайман. Равшан ака Эрматовга эса ўтган вақт давомида менга ишонч билдиргани учун раҳмат айтаман. Бундай инсон билан ишлаб завқландим.
Ўз ўрнида шуни айтиб кетишим керакки, ўша Саудия Арабистонига қарши учрашувнинг 35-дақиқасида футболчиларимиз менинг кўрсатмаларимни яхши бажара олишмаётгани учун жахл устида қўлимдаги сув идишни ерга улоқтириб юборгандим, холос. Ўша ҳолат видеокамерада ҳам кўриниб турибди, мен ҳеч қанақасига ҳакамга бақирмаганман. Аксинча, ҳакамнинг шунча қилиқларига қарамасдан тишимни-тишимга қўйиб чидаганман. Ҳакамларнинг ишига баҳо бериб, уларни таҳлил қилиш менинг вазифам эмас. Яхшиси, ўша ўйинни ўзинглар кўринглар.
- Умуман олганда, ўша ўйиндаги ҳолат ва ЎФА томонидан чиқарилган қарор сизнинг истеъфога чиқишингизга арзирмиди?
- Равшан ака Эрматов билан гаплашганимдан кейин бошимни тик тутган ҳолда чиқиб кетдим. Натижа ва таркиб бўйича ҳам биз тўғри йўлда эдик. Масалан, Осиё чемпионати саралаш баҳсларига максимал даражада энг яхши тайёргарликка эга бўлган 22 нафар футболчиларни олиб кетганман.
Ҳаттоки, Саудияга бора олмаган ва бизнинг захира рўйхатимизда бўлган йигитлар бизни олиб кетмади деб хафа бўлишлари мумкин эди. Лекин улар ҳам менинг истеъфога чиқарилганимни эшитиб телефон қилишди ёки смс ёзиб юз берган вазиятдан хафа бўлишганини айтишди. Саудияга қарши учрашувда шу нарсани кўрдикки, биз олдимиздан чиқадиган ҳар қандай рақибни юта олардик. Лекин, биласизми, ЎФА бизни ҳимоя қилиб, ОФКга қандайдир хат юборса керак деб ўйлагандим.
Майли, ўша иккита ўйинга дисквалификация қилишган тақдирда ҳам жамоани ўзим шуғуллантириб, ўрнимга бошқаси ўйин куни ўтирган тақдирда ҳам йигитлар менинг йўқлигим учун ҳам икки барабар куч билан ўйнашган бўларди. Тўғри, саудияликларга қарши ўйинда йигитларнинг қилган ишлари нотўғри бўлиши мумкин, аммо биз мураббийлар ҳеч нима қилмадик. Биз майдонга чиққанда футбол ўйнашимиз керак, аммо қачонгача рақиблар ёки ҳакамлар бизга нисбатан нотўғри ҳатти-ҳаракатларни қилишади? Менимча, ўзини ҳурмат қилган мураббий бундай ҳолатларга жим қараб тура олмаса керак.
- Яна бир гап: сизни истеъфога чиқаришларидан бир неча кун олдин Отабек Ғуломхўжаевнинг ўрнини Тимур Кападзе эгаллади деган гап-сўзлар ҳам тарқалганди. Демак, бу хабар бежиз эмас экан…
- Жамоам манфаати учун агар истеъфога чиқишим фойда келтирса кетишга тайёрлигимни айтдим. Аммо назаримда, кимдир менинг қаердадир хато қилишим ёки қоқилишимни кутиб тургандек туюлди. Истеъфога чиқишимдан 4-5 кун олдин терма жамоадан кетишим мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар чиқиб кетди. Балки кимгадир жойим керак бўлгандир, яна билмадим. Лекин ҳеч кимдан хафагарчилигим йўқ. Лекин тирик жон борки хато қилади. Фақат кимни қандай кўриши ва тушунишига боғлиқ. Охиригача терма жамоамизга мухлислик қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»