Испания терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичида навбатдаги муваффақиятни қайд этди. Луис де ла Фуэнте шогирдлари ўз майдонида Болгарияга қарши куч синовидан ўтиб, рақибни 4:0 ҳисобида таслим этди.
Бу ғалаба Испания терма жамоаси учун катта аҳамият касб этди. Чунки жамоа мағлубиятсиз сериясини 29 та ўйинга етказди — бу терма жамоа тарихидаги энг узоқ рекорд ҳисобланади. Мазкур кўрсаткич 24 ғалаба ва 5 дурангдан иборат бўлиб, илк бор Висенте дель Боске бошчилигида 2010–2013 йиллар орасида қайд этилган эди.
Испания сўнгги йилларда яна ўз анъанавий услубига қайтганини кўрсатмоқда. Техник ва тўп назоратига асосланган “тики-така” услуби яна кучга кирди. Жамоа ҳужумда ўйинни назорат қилмоқда, ёшлар эса янги наслнинг шаклланаётганидан дарак бермоқда.
Беллашувда "Барселона" ярим ҳимоячиси Педри ўйин марказида асосий фигурага айланди. Унинг ҳаракатлари, тўп билан муомаласи ва вазиятни олдиндан кўра билиши мухлислар ва мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Ўйиндан кейин Испания бош мураббийи Луис де ла Фуэнте ўз жамоасининг натижаси ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ютуқ шахсий эмас, балки жамоавий меҳнат самарасидир:
— Педри ажойиб футболчи! У бошқалар кўрмаган имкониятларни кўради. Биз Испания терма жамоасининг рекордини такрорладик, аммо бу менинг эмас, футболчиларнинг ютуғи. Улар жон куйдириб ҳаракат қилишди. Биз ҳали тўхтамаймиз — янада каттароқ мақсадларга интиламиз, — деди де ла Фуэнте.
Мутахассиснинг бу сўзлари Испанияда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Чунки терма жамоа кейинги йилларда Европадаги энг барқарор ва тизимли жамоалардан бирига айланди. Уларнинг ўйин услуби нафақат натижа, балки кўркамлик билан ҳам ажралиб турибди.
Футбол мухлислари фикрича, Испания бу руҳ ва формада жаҳон чемпионатида асосий фаворитлардан бири бўлиши мумкин. Таркибдаги ёш иқтидорлар — Педри, Гави, Ламин Ямал ва Родри каби футболчилар катта мусобақаларда жамоага янги энергия бахш этмоқда.
Шундай қилиб, Испания жамоаси нафақат рекордни янгилади, балки Европадаги етакчи мавқеини яна бир бор мустаҳкамлади. Улар учун бу фақатгина бошланишдек кўринади — олдинда ҳали катта синовлар ва янги тарихий ютуқлар кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!