Келаси ойда Бирлашган Араб Амирликларида қизиқарли футбол мусобақаси бўлиб ўтади. Дубай шаҳри ноябрь ойида тўрт терма жамоа иштирок этадиган ўртоқлик турнирига мезбонлик қилади. Бу ҳақда илгари хабар берилганди, энди эса мусобақа тақвими ҳам маълум бўлди.
Турнирда Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган тўрт давлат термалари — Эрон, Миср, Ўзбекистон ва Кабо-Верде иштирок этади. Ҳозирги маълумотларга кўра, мусобақанинг илк баҳслари 13 ноябрь кунига белгиланган. Шу куни Ўзбекистон терма жамоаси Мисрга қарши майдонга тушади, иккинчи ўйинда эса Эрон ва Кабо-Верде термалари тўқнаш келади.
Ташкилотчилар маълум қилишича, 3-ўрин учун беллашув 17 ноябрь куни ўтказилади. Финал эса 18 ноябрь куни бўлиб, ғолиб жамоа номини аниқлайди. Турнирнинг барча учрашувлари Дубайдаги замонавий спорт мажмуаларидан бирида ташкил этилади.
Бу мусобақа нафақат терма жамоалар учун, балки мураббийлар учун ҳам муҳим синов майдони бўлади. Жамоалар ўз таркибларини текшириш, янги тактик ечимларни синаб кўриш ва 2026 йилги Жаҳон чемпионати олдидан амалдаги тайёргарликни баҳолаш имконига эга бўлади.
Футбол ишқибозлари учун эса ноябрь ойидаги Дубай мусобақаси ҳақиқий байрамга айланиши кутилмоқда. Бу турнир жаҳон футболида янги иқтидорларни кашф этиши ва мухлисларга бир қатор ҳайратланарли ўйинлар тақдим этиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!