date

“Манчестер Сити”да ўнг қанот учун ҳақиқий кураш бошланди

“Манчестер Сити”да ўнг қанот учун ҳақиқий кураш бошланди

“Манчестер Сити” жамоасида бош мураббий Хосеп Гвардиола орзу қилиб кутган ҳолат амалга ошди — майдондаги ҳар бир позиция учун футболчилар ўртасида жонли рақобат бошланди, деб ёзди esteemedkompany.com.

Айниқса, жамоанинг энг нозик нуқтаси ҳисобланган ўнг қанот ҳимояси атрофида жиддий саволлар пайдо бўлган. Бу позицияда аввал Жоау Канселу фаолият юритган, аммо январда Кайл Уокернинг жамоадан кетиши билан “Сити” учун бу чизиқ ҳақиқий бош оғриғига айланди.

Ҳозирда ушбу позиция учун уч номзод бор — Абдуқодир Ҳусанов, Матеуш Нуньеш ва Рико Льюис. Англия матбуоти ва футбол таҳлилчилари Гвардиола жамоасининг таркибини таҳлил қилиб, ўнг қанот ҳимоясидаги вазиятга ойдинлик киритди. Улар фикрича, бу позицияда асосий даъвогар сифатида айнан Абдуқодир Ҳусанов кўрилаётгани бежиз эмас.

Бироқ, ёш ўзбек ҳимоячиси “Арсенал”га қарши “Эмирейтс”да бўлиб ўтган баҳсда жароҳат олган эди. Оёғидаги шикаст сабабли ўйиннинг иккинчи қисмида унинг ўрнини португалиялик Матеуш Нуньеш эгаллади. Ҳар икки клуб 1:1 ҳисобидаги дурангга рози бўлган ўша баҳсда Нуньеш ўз вазифаларини аъло даражада бажарди.

Кейинги икки ўйин — “Бёрнли” ва “Брентфорд”га қарши баҳсларда ҳам у ўнг қанотда ҳаракат қилиб, ҳимояда ишончли, ҳужумда фаол бўлди. Ҳатто “Брентфорд” дарвозасига гол ҳам урди.

Шу билан бирга, Нуньеш ҳали барқарор ўйин кўрсата олмаётгани таъкидланмоқда. Унинг асосий муаммоси — муҳим паллаларда концентрацияни йўқотиб, хато қилишидир. Бу жиҳат унинг “Сити”даги келажагига таъсир этиши мумкин. Аммо агар у сўнгги икки баҳсдаги ишончни сақлаб қолса, Гвардиола учун муҳим ротация футболчисига айланиши мумкин.

Эксперт Адам Марретт фикрича, асосий ўнг қанот ҳимоячиси сифатида Абдуқодир Ҳусановга ишонч катта. Асли марказий ҳимоячи бўлган Ҳусанов Гвардиола тизимида универсал ўйинчи сифатида ўз ўрнини топа олди. Нуньеш эса унга дам бериш ёки тактик вазият талаб қилганда майдонга тушадиган захира ўйинчи сифатида кўрилаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Ҳусановнинг жароҳати туфайли тикланиш муддати узайгани маълум қилинди. Илк режага кўра, у 5 октябргача сафга қайтиши кутилган эди, аммо реабилитация жараёни узоқроқ давом этмоқда.

Шу сабабли, ҳимоячимиз Ўзбекистон миллий жамоасининг янги бош мураббийи Фабио Каннаваро бошчилигидаги йиғинда иштирок эта олмади.

Абдуқодир Ҳусановнинг ФИФА танаффуси якунланганидан кейин, яъни 18 октябрь куни бўлиб ўтадиган Англия Премьер-лигаси турида “Эвертон”га қарши баҳс олдидан жамоа сафида қайтиши кутилмоқда.

Гвардиола учун эса бу рақобат фойдали — чунки у ҳар бир позицияда икки-уч ишончли номзодга эга бўлишни доимо афзал кўради. Шундай экан, “Сити”да ўнг қанот ҳимояси учун кураш ҳали давом этади ва эҳтимол, айнан Ҳусанов унинг янги асосий устунига айланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”да ўнг қанот учун ҳақиқий кураш бошланди