date

Суперлигада чемпионлик тақдири ҳал бўладиган бешта беллашув

Суперлигада чемпионлик тақдири ҳал бўладиган бешта беллашув

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси октябрь ойини Суперлига мухлислари учун ҳақиқий сенсациялар ойига айлантирмоқда. Лиганинг сўнгги босқичига кирилар экан, чемпионлик учун кураш янада қизиб, ҳар бир ўйинда натижа ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан ПФЛ бу ойда албатта томоша қилиш лозим бўлган энг қизиқ 5 та беллашувни тавсия этди.

«Нефтчи» — ОКМК (19 октябрь, 25-тур)

Фарғонада футбол нафаси яна жонланмоқда. «Нефтчи» ҳозирча пешқадам «Насаф»дан бор-йўғи икки очко орқада турибди ва ҳар бир беллашувда хатога йўл қўйиш имкони йўқ. Миржалол Қосимов қўл остидаги ОКМК ҳам медаллар учун сўнгги куч билан курашни давом эттирмоқда. Бу баҳсда ҳар бир тўп учун жанг бўлади, ҳар бир вазият тақдирни белгилаши мумкин.

ОКМК — «Насаф» (26 октябрь, 26-тур)

Мавсум тақдирини белгилайдиган ҳал қилувчи тўқнашувлардан бири. Илк даврада «Насаф» ўз майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди, энди эса олмалиқликлар ўз уйида жавоб бермоқчи. Қаршиликлар учун ҳам орқага йўл йўқ — уларни орқадан таъқиб қилаётган фарғоналиклар нафас олиб турибди. Бу учрашув ҳақиқий финал руҳида ўтади.

«Навбаҳор» — «Насаф» (30 октябрь, 27-тур)

Наманганда бўлиб ўтадиган бу баҳсни Суперлиганинг энг курашли ўйинларидан бири деса бўлади. «Навбаҳор» ҳали ҳам медаллар учун имкониятга эга ва илк даврадаги мағлубият учун «Насаф»дан қарзини қайтариш ниятида. Мухлислар стадионни тўлдириши кутилмоқда — чунки бу ўйинда фақат ғалаба учун майдонга чиқилади.

«Бухоро» — «Сўғдиёна» (23 октябрь, 26-тур)

Қоғозда бу беллашув жадвалга жиддий таъсир кўрсатмайдигандек туюлади. Аммо Ўзбекистон кубоги ярим финалида айнан «Бухоро» жиззахлик рақибини мағлуб этиб, финалга чиққан эди. Энди «Сўғдиёна» учун ўша мағлубиятни унутиб бўлмайди — улар реваншни айнан Бухорода олишни хоҳлайди.

«Пахтакор» — «Бухоро» (29 октябрь, Ўзбекистон кубоги финали, Андижон)

Мавсумнинг энг интиқлик билан кутилган баҳсларидан бири Андижондаги «Бобур Арена»да бўлиб ўтади. «Пахтакор» тўрт йиллик танаффусдан кейин финалга қайтди, «Бухоро» эса ўз тарихида илк бор ҳал қилувчи беллашувда иштирок этади. Ғолиб клуб нафақат кубок соҳиби бўлади, балки келаси мавсум халқаро мусобақаларда қатнашиш имкониятини ҳам қўлга киритади.

Октябрь футбол мухлислари учун ҳаяжонга тўла ой бўлиши аниқ. Чемпионлик тақдири, кубок ғолиби ва келгуси мавсумда халқаро майдонда курашадиган жамоалар аниқланадиган бу даврни қўлдан бой бериш — футбол завқидан маҳрум бўлиш билан баробар. Шунинг учун ПФЛнинг тавсияси аниқ: бу беш ўйинни албатта томоша қилинг — ҳар бири тарихга кириши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлигада чемпионлик тақдири ҳал бўладиган бешта беллашув