date

"Манчестер Сити"да ёшлар инқилоби: Гвардиола янги авлодни шакллантирмоқда

"Манчестер Сити"да ёшлар инқилоби: Гвардиола янги авлодни шакллантирмоқда

"Манчестер Сити" ўтган мавсумнинг биринчи ярмида юз берган инқироздан сўнг таркибни янгилашга қарор қилди. Хосеп Гвардиола талаб қилган "авлодлар алмашинуви" жараёни расман 20 январда бошланди — айнан ўшанда клубга ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусанов келиб қўшилган эди.

Футбол экспертлари таъкидлашича, сўнгги иккита трансфер ойнасидан кейин “Манчестер Сити” таркибидаги футболчиларнинг ўртача ёши қарийб икки йилга камайган. Агар бир йил аввал жамоа ёши 26,9 ёш бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 25,1 ёшни ташкил этмоқда.

Бу ўзгаришда кексароқ футболчилар — Кевин де Брюйне, Эдерсон, Илкай Гюндоган ва Мануэль Аканжи кабиларнинг кетиши асосий роль ўйнади. Шу билан бирга, янги спорт директори Уго Вианага жамоани ёшартириш бўйича аниқ вазифа юкланган.

Жорий мавсумда Гвардиола жамоасида ёшлар етакчи ролни эгаллаб бормоқда. Энг ёш футболчи — 2005 йилда туғилган Нико О’Райли. У клуб тарбияланувчиси бўлиб, асосий таркибда мунтазам ўйин амалиётига эга. Ундан бир ёш катта бўлган Абдуқодир Ҳусанов, Рико Льюис ва Савиньо ҳам ёшлар авлодининг муҳим қисмига айланишган.

Ҳужум чизиғида ҳам ёш энергия устувор: 2003 йилда туғилган Оскар Бобб ва Райан Шерки клубнинг янги юзлари сифатида танилмоқда.

Шу билан бирга, жамоада тажрибали футболчилар ҳам сақланиб қолган. 1994 йилда туғилган Жон Стоунз ва Бернарду Силва, шунингдек, улардан бир ёш кичик Натан Аке ҳали ҳам жамоанинг асосий суянчиғи бўлиб турибди.

Шу тариқа, “Манчестер Сити”даги янгиланиш нафақат трансфер сиёсатида, балки жамоа руҳи ва услубида ҳам сезилаётганини таъкидлаш мумкин. Гвардиоланинг асосий мақсади — ёш, аммо тажрибали таркиб билан келгуси йилларда янада кучли ва барқарор жамоани яратишдир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Манчестер Сити"да ёшлар инқилоби: Гвардиола янги авлодни шакллантирмоқда