Тунда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати–2026 саралаш баҳсларидан сўнг Саудия Арабистони терма жамоаси навбатдаги мундиал йўлланмасини расман қўлга киритди. Жиддада Ироққа қарши кечган баҳс 0:0 ҳисобида якунланди, аммо ушбу натижа саудияликларга саралашдан чиқиш учун етарли бўлди.
Бу муҳим натижа учун Саудия Арабистони футбол федерацияси жамоа аъзоларини юксак миқдорда рағбатлантиришни қарор қилган. Терма жамоанинг ҳар бир ўйинчисига 1,2 миллион евродан мукофот пули берилади. Бу миқдор қитъа футболидаги энг йирик мукофотлардан бири ҳисобланади.
Маълумот учун, Саудия Арабистони сўнгги йилларда Осиё футболида етакчи кучлардан бирига айланган. Уларнинг мундиалга йўлланмаси жамоанинг барқарор ўйини ва самарали тизими самараси сифатида баҳоланмоқда.
Шу тариқа, Саудия термаси Жаҳон чемпионатига чиқишни кафолатлади ва Осиёдан йўлланма олган саккизта жамоадан бирига айланди.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонидан ташқари, Ўзбекистон, Япония, Корея Республикаси, Австралия, Иордания, Эрон ва Қатар терма жамоалари ҳам мундиал йўлланмасини қўлга киритган. Шу билан бирга, БАА ва Ироқ терма жамоалари плей-офф босқичида иштирок этиб, келаси йилги Жаҳон чемпионатига чиқиш учун сўнгги имкониятга эга бўлади.
Саудия футболининг бу ютуғи мамлакатда спорт соҳасига бўлган катта эътибор ва сармоянинг амалдаги натижаси сифатида кўрилмоқда. Улар энди мундиалга тайёргарлик жараёнини бошлаб юборишади ва келаси йилда ҳам юқори натижа қайд этишни мақсад қилишмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!