Фото: Getty Images
Кўпчилигимиз допингни наркотик модда сифатида тасаввур қилсак ажаб эмас. Аслида ҳам шундайми? Келинг, бу саволга «Дарё» колумнисти Абдулазизхон Акрамовнинг навбатдаги мақоласи орқали жавоб топамиз.
Бир машҳур спорт шифокорининг қуйидаги гаплари таъсирли: «Ҳозирги кундаги аксарият олтин медал ортида чидам ва машғулотдан ташқари, аниқ айтишим мумкинки, фармакология ётади. Ҳар қандай халқаро мусобақани бемалол халқаро фармакология уруши деб аташ мумкин. Қайси давлатнинг фармакологияси кучли бўлса, ўша давлатга олтин медаллар кўпроқ насиб этади».
Допинг сўзининг келиб чиқиши аниқ эмас, аммо қадимий Африкадаги зулуслар «Doop» деган куч-қувватни кўпайтирувчи ичимлик ичган. Айтишларича, атама тарихи айнан шунга бориб тақалади.
Ҳозирги кунда допинг тушунчаси тана имкониятларини сунъий оширувчи ҳар қандай моддага умумий ишлатилувчи атама бўлиб қолди. Аммо допинг рўйхатига, асосан, 300 ва қўшимча ўн мингга яқин восита киритилган.
Қадимги Юнонистондаги Олимпия ўйинларида икки нарса тақиқланган. Ғирромлик ва ютқазиб беришга келишув. Спортчилар мусобақалардан олдин ҳар хил қувватни оширувчи винолар, ўсимлик дамламалари ичишган. Улар орасида ҳайвонлар гўшти ва тўнғиз тестостерони алоҳида ўрин тутган. Бу допингнинг қадимги кўриниши эди.
1896 йилги дастлабки замонавий спорт ўйинларида стрихнин моддаси урфга кирди. Бу модда оз миқдорда мушаклар тонуси ва таранглигини оширади. Аммо оғриқ йўқолмаслиги туфайли ўша даврдаги наркотик - оғриқ қолдирувчи кодеин билан қўшиб ичилган.
1904 йилги Олимпия ўйинларида америкалик марафончи Томас Хикс стрихнин ва коняк аралашмасини инекция қилиб, 42 километрлик мусобақада ғолиб бўлди. Аммо финишдан сўнг врачлар уни ўлимдан аранг қутқариб қолди. Шунга қарамай олтин медал Томасга топширилди.
Стрихнин ўша давр оралиғидаги машҳур допинг сифатида кўрилган. Лекин турли давлатлар спорт фармакологиясининг янги-янги турларини ихтиро қилишдан чарчамади.
1932 йилда спринтерлар машқлар пайтида нитроглицерин қабул қила бошлади. Нитроглицерин юрак тож томирларини кенгайтирувчи модда ҳисобланади. Ўша йилларда амфетамин биринчи марта велосипед ҳайдовчиларига стартдан олдин руҳини кўтариш учун берила бошланди. Амфетамин допингдаги яна бир даврни бошлаб берди. Кейинроқ бу модда наркотиклар қаторига қўшилди ва тақиқланди. Биринчи жаҳон урушида Япония, АҚШ, Европадаги ҳарбийлар урушда қўрқмаслик учун айнан амфетаминдан фойдаланган.
1936 йилга келиб эркаклар тестостерони даври бошланди. Тестостерон бу эркаклик гормони ҳисобланиб, мускуллар ўсишига, организм бақувват бўлишига, оқсиллар синтезига ижобий таъсир кўрсатади. Дастабки ҳайвонлардан ажратиб олинган тестостеронлардан немис нацист ҳарбийлари фойдаланган. Бу билан улардаги жасурлик, агрессивликни оширишга эришилган. 1936 йилги Олимпия ўйинларидаги Германия терма жамоасининг ғалабасини тестостерон инекцияси таъминлаб берган.
40 йилларга келиб стероидлар, соддароқ қилиб айтганда, тестостероннинг синтетик ва организмга осон сўрилувчи шаклидан фойдаланиш бошланди. Атлетлар ҳамда културистлар ўртасида машҳур бўлган бу дорилар гуруҳи ҳозиргача ишлатилади.
1956 йилда америкалик фармаколог Жон Синглер АҚШ терма жамоаси учун махсус дианабол, яъни янада яхшиланган тестостерон ва анаболик аралашмасини яратди. Дианабол орқали спортчилар машқ ва мусобақа пайтида юқори натижаларга эришди.
Аммо борган сари фармакология ботқоғига ботиб кетаётган спортни қутқариш учун биринчи бор 1968 йилда Халқаро олимпия қўмитаси спортчиларни мусобақадан олдин ва кейин сийдик таҳлили топширишни киритди. Чунки жуда кўп спортчилар айнан допинг туфайли юрак хуружи ва бошқа хавфли касалликларга чалина бошлади.
1960–1970 йилларда гемоглобини кўп қон қуйдиришлар авж олди. Спортчилар энди Олимпия қўмитаси тақиқламаган воситаларни топишга ва истеъмол қилишга ҳаракат қилди. Айнан ўша пайтда адреноблакаторлар ва диуретиклар урфга кирди.
1980 йилларда одам бўйини ўстирувчи соматотропин гормони сунъий синтез қилинди. Бу ҳам спортчиларнинг севимли озуқасига айланди.
1986 йили Халқаро олимпия қўмитаси допингни аниқлаш бўйича қон топшириш тестини жорий қилди. Сабаби допинг сифатидан спортчилар шу қадар хилма-хил нарсаларни ишлатар эдики, айримлари умуман аввалги таҳлилларда кўринмас эди.
1988 йилда эритропоэтин ихтиро қилинди. Бу ҳам қонни кислород билан бойитадиган модда ҳисобланиб, асосан, югурувчилар ва велоспортчилар ишлатиб келади.
Допинг сифатида ишлатилувчи яна кўплаб воситаларни санай олмадик. Аммо допинг туфайли қанча-қанча медаллар қайтариб олинган ва олинмоқда. Ҳамюртимиз Руслан Нуриддиновдан ҳам допинг тестидан сўнг битта медали олиб қўйилган эди.
Бразилиялик спорт психолиги нега спортчилар допингни кучли тақиққа қарамай қабул қилишларини қуйидагича изоҳлайди: Спортчилар ғалабасини ва ўз тана имкониятини ошириш мақсадида ҳеч нарсадан тоймайди. Сабаби улар ғалаба пайтидаги кучли эйфориянинг шайдоси. Бу эйфорияни қўмсаш улардаги ахлоқ ва ақлни чеклаб қўяди. Шу туфайли ҳар қанча хавфли бўлмасин, улар қайта ва қайта буни қабул қилишдан тоймайди.
Ҳозирги қоида бўйича агар спортчи иккинчи марта допинг тестида мусбат даражани кўрсатса, спортдан бир умрга четлатилиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...