
Қатарда ўтказилаётган 17 ёшлилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг илк турида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Парагвай билан куч синашди ва муваффақият қозонди. Ислом Исмоилов шогирдлари майдонда юқори руҳият, жанговорлик ва ўз салоҳиятини намойиш этди.
Беллашув аввалида рақиб фаол ҳаракат қилган бўлса-да, ўзбекистонлик ёшлар босимга дош бериб, 25-дақиқада Азизбек Абдумўминовнинг аниқ зарбаси орқали ҳисобни очишди. Биринчи бўлим якунланиши арафасида ўша футболчи иккинчи бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоаси устунлигини мустаҳкамлади.
Иккинчи таймда Парагвай жамоаси ҳисобни қисқартиришга уринди ва баҳс охирида пенальти орқали бир тўп уришга муваффақ бўлди. Бироқ, ўйин якуни Ўзбекистон фойдасига 2:1 ҳисобида тугади.
Ушбу ғалаба натижасида Ўзбекистон термаси гуруҳда иккинчи поғонага кўтарилди. Пешқадамликни эса Панамани 4:1 ҳисобида мағлуб этган Ирландия жамоаси сақлаб қолмоқда.

Эндиликда Ислом Исмоилов бошчилигидаги ўсмирлар жамоаси 8 ноябрь куни айнан Ирландияга қарши баҳс олиб боради. Бу беллашув нафақат гуруҳдаги позицияни, балки кейинги босқич имкониятларини ҳам белгилаб бериши мумкин.
Ўзбекистон термаси бу натижа билан ўз мухлисларига катта умид бағишлади. Йигитларимиз Жаҳон чемпионатидаги дебют босқични ғалаба билан бошлаб, кейинги ўйинларга ишонч билан қадам қўймоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!