
Дунё бозорида олтиннинг бир трой унцияси тахминан 4000 АҚШ долларига тенг бўлган шароитда, глобал инвесторларнинг эътибори қимматбаҳо металлнинг энг йирик захираларига эга давлатларга қаратилаётгани кузатилмоқда. Айнан шу давлатлар келгусида дунё олтин қазиб олиш тармоғининг асосий марказларини шакллантириши кутилмоқда.
АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига асосланган таҳлиллар иқтисодий жиҳатдан қазиб олиниши фойдали бўлган олтин захиралари бўйича давлатлар рейтингини тақдим этади. Мазкур рўйхатда Россия ва Австралия етакчилик қилмоқда.
Ҳар бир мамлакатнинг фойдаланилмаган олтин захиралари 12 000 тоннани ташкил этади. Ҳозирги бозор нархларида бу захиралар ҳар бир давлат учун тахминан 1,7 триллион АҚШ долларига тенг қийматга эга.
Россияда асосий олтин конлари анъанавий равишда Сибирь ва Узоқ Шарқ минтақаларида жойлашган. Энг йирик захиралар Красноярск ўлкаси, Магадан ва Амур вилоятлари ҳамда Чукотка автоном округида жойлашган.
Австралияга келсак, кўпчилик фойдаланилмаган захиралар Ғарбий Австралиянинг бой ресурслар минтақасида тўпланган. Айниқса, Илгарн кратон ҳудудида мамлакатнинг кўплаб йирик фаол ва истиқболли конлари жойлашган.
Жаҳон рейтингда учинчи ўринни Жанубий Африка Республикаси эгаллайди, унинг ер остида 5000 тонна олтин захираси мавжуд. Бу кўрсаткич унга Африка қитъасида етакчиликни таъминлайди.
Тез ривожланаётган иқтисодиётга эга давлатлар орасида Индонезия, Перу ва Бразилия алоҳида ажралиб туради. 3800 тонна олтин захирасига эга Индонезия дунё рейтингида тўртинчи ўринни эгаллайди.
Ушбу давлатлар инвесторлар учун ўз портфелларини диверсификация қилиш ва пастроқ қазиб олиш харажатлари билан имкониятларни излашда жиддий қизиқиш уйғотмоқда. Шу билан бирга, Перу ва Бразилия ўхшаш ҳажмдаги захираларга эга бўлиб, ҳар бирида 2400-2500 тонна олтин захираси мавжуд.
АҚШ ва Хитой каби дунё иқтисодий гигантлари ҳам ишлаб чиқариш ҳажмларига қарамай, фойдаланилмаган олтин ресурсларини сақлаб қолмоқда – ҳар бирида тахминан 3000 тонна. Сўнгги йилларда эса геологик қидирув ишлари асосан Африка томон йўналтирилган.
Гана, Мали ва Танзания каби давлатлар дунё қазиб олиш саноати учун янги диққат марказларига айланиб, йирик янги конлар очилишида катта салоҳиятни кўрсатмоқда.
Ўзбекистон олтин захиралари бўйича нечинчи ўринда?
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар