
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Истанбул Башакшеҳир" клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг "Анталяспор"га қарши ўйинда киритган голлари (4:0) турк футболида катта жанжалга сабаб бўлди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг йирик спорт портали "Sports.kz" хабар берди.
Мазкур ўйинда ўзбекистонлик ҳужумчи 22-дақиқада ҳисобни очди ва ўйиннинг сўнгида яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Кейинги турда эса у "Коджаэлиспорга" қарши баҳсда ягона ва ғалабали голни киритди.
Аммо "Башакшеҳир"нинг йирик ғалабасидан сўнг мағлубиятга учраган "Анталяспор" бош мураббийи Эрол Булут шов-шувли баёнот билан чиқди ва бу ҳолат рақиб томонида норозиликни келтириб чиқарди. Булут матбуот анжуманида "Анталяспор"дан кимдир "Башакшеҳир" мураббийлар штабига ички маълумотларни етказган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Унинг фикрича, ушбу "ахборот сиздирилиши" йирик мағлубиятга олиб келган. Бу сўзлар "Башакшеҳир" томонидан ҳалол ўйин тамойилларига қарши айблов сифатида қабул қилинди.
Шундан сўнг "Истанбул Башакшеҳир" расмий баёнот билан чиқиб, ўзининг ҳалол ўйин тамойилларига содиқлигини таъкидлади. Клубнинг баёнотида мураббийлар штаби ва футболчилар фақат ўз ишларига эътибор қаратишлари ва рақиб ҳақида махфий маълумотларга эга эмасликлари қайд этилган.
Клуб шунингдек, ҳар бир жамоа ўз баёнотлари учун жавобгарликни зиммасига олиши кераклигини таъкидлади. "Башакшеҳир" бош мураббийи Нури Шоҳин ҳам ҳар қандай шубҳаларни рад этиб, ўз фаолияти давомида спорт тамойилларига зид ҳеч қандай ҳаракат қилмаганини билдирди.
У жамоасининг ютуқлари кундалик меҳнат натижаси эканлигини таъкидлади ва бу "асосланмаган даъволар" сабабли клуб учун ноқулай вазият юзага келганидан афсусда эканлигини айтди. Эндиликда футбол мухлислари ушбу можаронинг қандай ривожланишини диққат билан кузатмоқда.
Улар мазкур низолар майдондаги ўйинларга салбий таъсир кўрсатмаслигига умид қилишмоқда. "Истанбул Башакшеҳир" мухлислари эса Шомуродовнинг голлари сериясининг давом этишини кутишмоқда.
Қайд этиш лозимки, жорий мавсумда Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасида 11 та ўйинда 7 та гол уриб, 1 та голли узатмани амалга оширган.
Элдор Шомуродов турк футболида жанжал марказида
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг