Ўзбекистон миллий жамоасининг ноябрь ойидаги йиғини давом этмоқда. 8-16 ноябрь саналари орасида бўлиб ўтадиган ФИФА кунлари доирасида машғулот олиб бораётган миллий жамоа футболчилари машғулотларнинг дастлабки қисмини Тошкентда ўтказишди. Фурсатдан фойдаланиб, Tribuna.uz миллий жамоа яримҳимоячиси Икром Алибоев билан интервью ташкил этди.
Миллий жамоа машғулотлари ҳақида
– Сречко Катанец ҳар йиғинда турли хил футболчиларни жалб этган ҳолда уларни яқиндан билиб олмоқда. Ўйлашимча, келгуси йилги йиғинларга аниқ таркибни шакллантириб, ўзига керакли футболчиларни чақиради.
Миллий жамоага киришиб кетиш қийин эмас. Ҳа, клуб бошқа, миллий жамоа буткул бошқача. Клубда жамоадошларингиз билан ҳар куни бирга бўласиз. Миллий жамоада эса 1 ёки 2 ойда бир кўришасиз. Шунга қарамай, бу ердаги барча футболчилар менга таниш, улар билан кўплаб йиғинларда бирга шуғулланганмиз. Шунинг учун машғулотларга киришиб кетиш у қадар катта қийинчилик туғдирмайди. Устига-устак, биз профессионал футболчилармиз. Бу каби ҳолатлар бизга муаммо туғдирмаслиги керак.
Сречко Катанецнинг бундан аввалги мураббийлардан фарқи
– Албатта, ҳар бир мураббийда футбол мавзусида ўзига хос қарашлар ва методлар мавжуд. Ўйинга тайёргарлик вақтида ҳам турли хил талаблар қўйилади. Мисол учун, Сречко Катанец биздан йиғин вақтида миллий жамоа йиғилган меҳмонхонадан чиқмаслигимизни талаб қилади. Йиғинга келдингми, кўчани, ўртоқларингни ўйлама, деб таъкидлайди. Ҳамма бир хил шароитда яшаши ва ўз вақтида, режалаштирилган овқатни ейиши керак. Бу мен учун янгилик эмас. Чунки Купер даврида ҳам худди шу тартибда йиғин ўтказар эдик. Бошқа мураббийлар эса футболчиларнинг меҳмонхонада жам бўлишига у қадар жиддий эътибор қаратмайди. Шу орқали биз узоқ вақт кўра олмаган оила аъзоларимизни кўриб келишимиз мумкин бўларди. Ушбу йиғинга келиб, ота-онам билан 2 соатгина кўриша олдим, холос. Уйга бориб келиш учун мураббийдан рухсат сўраш керак бўлади. Лекин биз миллий жамоа йиғинига келганмиз ва бу талабларни тўғри, деб ҳисоблайман.
Мураббийнинг ўйин услуби мен учун жуда қулай. Сабаби, мен ўзимни ижодкор футболчи, гол ва паслар амалга оширувчи яримҳимоячи, деб билмайман. Менинг майдондаги биринчи вазифам жамоамга тўпни олиб бериш, тўпни ўзимизда ушлаб туриш ва ҳужумни қуришдан иборат. Ушбу мураббий биздан агрессив ҳаракат қилишни сўраяпти. Бу ҳам тўғри талаб, менимча. Сабаби, футболда кескин ҳаракат қилсангиз, нимагадир эришишингиз мумкин. Баъзида ўйинингиз ўхшамаслиги мумкин. Лекин агрессив ҳаракат қилсангиз, энг камида рақибга ўйин бермасликни уддалай олишингиз мумкин.
Футболдаги илк даврлар
– Футбол билан 2005 йиллардан шуғулланишни бошлаганман. Ота-онамнинг қаршиликларига қарамай, акам мени Янгиер футбол академиясига олиб боргандилар. Айниқса, онам кичкина бўлганим учун бир ўзимни узоққа қўйиб юборишни хоҳламагандилар. Ўзим гулистонликман ва Янгиер уйимиздан бирмунча узоқ эди.
Акам билан келган пайтимизда ушбу академияда жойлар тўлиб бўлганди. Мен ва бошқа кечиккан болаларни имтиҳон қилиб, қўшимча тарзда қабул қилишган. У ердаги биринчи мураббийим Музаффар Бекназаров бўлган. Ҳалигача ўша футбол академиясида фаолият олиб боради. Академияда ўтган 2 йилим мобайнида Музаффар ака кўп нарсаларни ўргатди.
Кейин эса «Пахтакор»га йўл олдим. Бу ердаги мураббийим Рустам Орипов ҳам футболчи бўлиб етишишимда катта ҳисса қўшган инсон ҳисобланади. 14 ёшдан 18 ёшгача «Пахтакор»да ўйнадим. Лекин клуб мен билан шартнома имзолашни хоҳламади. Шу вақтда «Локомотив» Олий лигага янги кўтарилган вақт эди ва уларнинг ёшлар жамоасига футболчилар керак бўлди. Рустам Орипов йиғган жамоам билан «темирйўлчилар» вакилларига қарши ўйнадик ва улар ўзларига ёққан футболчиларни қабул қилишди. Шу қаторда мен ҳам «локомотивчи» бўлиб кетдим.
2018 йилги Осиё ўйинлари
– Жакарта ва Палембангда ўтган 2018 йилги Осиё ўйинлари катта футболдаги фаолиятимда бурилиш нуқта бўлди, деб айта оламан. Ушбу турнирга «уайлкард» (ёши катта 3 та футболчи) сифатида мени ҳам олиб кетгани учун мураббийимиз Равшан ака Ҳайдаровга улкан миннатдорлигимни билдираман. Мусобақа давомида 5 та учрашув ўтказиб, 5 та гол ва 3 та ассист амалга оширишга муваффақ бўлгандим. Ўша ердаги ўйинларим орқали «Сеул» клубининг қизиқишларига тушганман.
Жанубий Корея билан ўйин ҳақида гапирсам, 2 та гол ургандим, ҳисоб 3:3 – ҳаммаси яхши кетаётганди. Бирдан ҳакам иккинчи сариқ карточкани ўйлаб топди. Мен ўша вазиятда рақиб футболчисини умуман урмоқчи эмасдим. Шунчаки, ўйин инерциясида шундай ҳолат юзага келганди. Аслида, ҳакам менинг сариқ карточкам борлигини ҳам билмаган. Карточкани кўрсатиб бўлгач, ёрдамчиси унга бу футболчида иккинчи сариқ карточка деб айтган ва у мажбуран қизил карточка кўрсатган. Бироқ ҳакам ўша вазиятда менга биринчи сариқ карточкани кўрсатяпман, деб ўйлаган. Шундан сўнг ажойиб ўтказаётган ўйинимиз орқага қараб кетган ва аламли мағлубиятга учраганмиз. Учрашувдан сўнг, Сон Ҳён Мин автобусимизга чиқиб, барчамизга ўйин учун ташаккур билдирганди. Мағлубиятимизга қарамай, Индонезиядаги ушбу мусобақадан яхши хотиралар қолган.
Ярим миллион долларлик трансфер - «Сеул»га ўтиши
– Жакартадан қайтиб келганимиздан сўнг трансферим ҳақидаги хабарлар бошланган. Агентларим Жанубий Кореядан қизиқиш борлигини айтишган. Қайси клуби эканини билмасдим. Билишимча, ўшанда корейс клубларининг кўпчилиги таклиф билан чиққан. Ўзбекистонда ўша мавсум якунига битта тур қолганда «Сеул» қизиқиш билдираётганини билганман. «Локомотив» раҳбарлари билан гаплашганимда бу сенинг келажагинг учун ҳам яхши, биз сени трансфер қилишга розимиз, деб айтишган. Шу тариқа, сеулликлар 500 минг АҚШ доллари тўлаган ва мен К1 лигасига йўл олганман.
«Сеул»да мавсумни ажойиб ўтказгандим. 38 та ўйиннинг 35 тасида ўйнадим, барчасини асосий таркибда бошладим. Натижалар яхши эди. Биз мавсумни 3-ўринда якунлаб, Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олдик. Ўтиш ўйинида гол уриб, гуруҳ босқичига йўлланма олишда ёрдам бердим. Гуруҳ босқичида ҳам «Сидней»ни биринчи турда мағлуб этгандик. Шундан сўнг мураббий ўзидан ўзи кетма-кет 2 ўйинда мени майдонга туширмади. Кейин эса жароҳатим билан банд бўлдим. Бу орада жамоа ўйинлари орқага кета бошлади. Тез орада мураббий истеъфога чиқарилди.
Жароҳат
– Жароҳатим ўта мураккаб эди. Ультратовушли мосламалар ёки рентген қилганда ҳам, уни аниқлаб бўлмайди. Кореядаги бир нечта футболчилар билан гаплашганимда худди шундай жароҳатни бу ерда даволай олмай, Германияда муваффақиятли операциядан ўтганликларини айтиб беришди. У ердаги профессор жуда тажрибали экан. Фаолияти давомида меникига ўхшаш 27 мингта жарроҳлик амалиётини муваффақиятли бажарган экан. Клубим Жанубий Кореяда операция қилдирсам, харажатларни тўлиқ қоплаб беришларини, Германияга кетсам, ўзимнинг ҳисобимдан боришим кераклигини айтишди. Барибир инсонда соғлиқ биринчи ўринда ва мен Германияга боришга қарор қилдим. Жарроҳлик амалиёти яхши ўтказилди ва мен Жанубий Кореяга футбол ўйнашга шай, жанговар кайфиятда етиб бордим. Лекин клубнинг янги мураббийи менга умуман имкон бермай қўйди.
«Теджон»га қўшилиш сабаби
– Мавсум якунлангач, раҳбарлар мен билан шартномани бекор қилмоқчи эканликларини айтишди. Агентларим аралашиб, клубдаги маошимнинг бир қисмини олиб беришди ва шартнома бекор қилинди. Лигада трансфер даври якунланишига бир ҳафта вақт қолганди ва «Теджон»да осиёлик легионер учун бўш жой бор эди. Клуб К1га чиқишни аниқ мақсад қилиб қўйганди ва мен ушбу клубда ўйнашга қарор қилдим. Жорий мавсумни 3-ўринда якунладик. Яна иккита учрашувда юқори дивизионга ўтиш ёки пастда қолиш масаласи ҳал бўлади. Менинг шартномам 1+1 кўринишида тузилган ва агар клуб К1га чиқса, мен улар билан қолишим мумкин. Сабаби, шартномада кўрсатилган ўйинлар сонини мавсум давомида ўтаб бўлдим. Лекин жамоа пастки дивизионда қолса, бошқа жамоага ўтишга ҳаракат қилиб кўраман.
Абдулвосид Валихонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди