Xiaomi Mi S смартфони 4,6 дюймли экран билан жиҳозланиши мумкин » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Xiaomi Mi S смартфони 4,6 дюймли экран билан жиҳозланиши мумкин

Xiaomi Mi S смартфони 4,6 дюймли экран билан жиҳозланиши мумкин

Шу кунларда интернет тармоғида Хитойнинг Xiaomi компаниясининг Mi S смартфонига тегишли суратлар пайдо бўлмоқда. Суратга эътибор қаратилса, смартфонга 1080р аниқликдаги 4,5-5 дюйм диагоналга эга дисплей ўрнатилганини пайқаш мумкин.

Gizmo China нашрининг хабар беришича, Xiaomi Mi S Qualcomm Snapdragon 821 процессори, 4 Гб тезкор хотира ва 128 ГБ UFS 2.0 стандартидаги доимий хотира билан жиҳозланади. Аккумулятор сиғими 2 600 мА/соат. Асосий камера аниқлиги – 12 МП, олд камераники эса 4 МП. Кичик сиғимли батарея ва ўртача форматли дисплей смартфон қалинлигини қисқартириши керак эди, бироқ техник параметрларда айтилишича Xiaomi Mi S корпусининг қалинлиги 8,2 миллиметрни ташкил қилади.

Асосий камера қўш чақноқ билан кучайтирилган, камера апертураси — f/2,0, 4К аниқлигида видео ёзиш функциясига эга. Модель 4G+, 4G, 3G, 2G, NFC, икки диапазонли Wi-Fi ва Wi-Fi Direct технологияларини қўллаб-қувватлайди.

Қурилманинг тақдимот санаси ва нархи ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.