00:23 / 05.05.2024
198

“Хуфёна иқтисодиётга қарши кураш иллюзияси” — Солиқ қўмитасининг режалари нега танқидга учради?

“Хуфёна иқтисодиётга қарши кураш иллюзияси” — Солиқ қўмитасининг режалари нега танқидга учради?
Президент ҳузуридаги кенгаш яширин иқтисодиётга қарши қарор лойиҳасининг аксарият бандларига қарши чиққан. Тадбиркор Фахриддин Илёсовнинг айтишича, таклиф этилаётган ўзгаришлар соядаги бизнесга эмас, тўғри ишлаётган тадбиркорларга юк бўлади. Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов эса бу чораларнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган режаларни ишлаб чиқди. Бу режалар қаторига киритилган, Солиқ қўмитасига қўшимча ваколатлар бериш ҳақидаги нормалар жамоатчилик эътирозларига сабаб бўляпти. Тегишли қарор лойиҳаси танқидлардан кейин очиқ муҳокамага қўйиладиган бўлди.

Kun.uz бу лойиҳанинг аксарият бандларига қарши чиққан Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари – солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва тадбиркор Фахриддин Илёсов билан суҳбатлашиб, эътирозлар нимадан иборат бўлаётганига қизиқди.

— Лойиҳага кўра, нақд пулдаги тўловлар учун кешбэк қайтарилмаслиги таклиф қилиняпти. Агар бу норма кучга кирса, жисмоний шахслар дўконларда, хизмат кўрсатиш объектлари ва умумий овқатланиш жойларида фақат карта орқали тўлов қилгандагина 1 фоиз кешбэк қайтарилади. Бу борада фикрингиз қандай?

Мурод Муҳаммаджонов
: — Кешбэк жорий қилинишининг ўзи яширин иқтисодиётга қарши кураш учун эди, энди айни шу мақсадда кешбэк бекор қилиняпти – қайси бири тўғри, олдингиси тўғрими, бунисими, деган масала бор. Нақд пулга кешбэк берилмаслиги хоҳлаганча нақд пулга савдо қилиб, чек берилмаса ҳам бўлади, деган нарсага айланиб кетиши ҳам мумкин. Бир хил бўлиши керак, савдо қилдими, кешбэк бериши ёки бермаслиги керак. Унисига бериб, бунисига бермаслик адолатдан бўлмайди деб ўйлайман. Солиқ маслаҳатчиси сифатида бюджет нуқтаи назаридан айтсам, кешбэк – катта масала эмас, қарор лойиҳасида бундан муҳимроқ бошқа жиҳатлар бор. Каттароқ масалалар кўрилиб, кешбэк масаласига қаралмади ҳам ўзи.

Фахриддин Илёсов: — Кешбэк масаласини яширин иқтисодиётдан чиқиш йўли сифатида қабул қиладиган бўлсак, бундан кейин нақд пулда тўлаётган одам QR-кодли чек сўрамайди.

Мурод Муҳаммаджонов: — Кешбэкни 50 фоиз қилиб қўйган тақдирда ҳам тадбиркорга эркин ишлаш шароити яратилмаса, яширин иқтисодиётни қисқартириб бўлмайди. Дейлик, бир оддий стаканнинг қайсидир коди дастали стакан кодига алмашиб кетса ва унга дарров жарима соламан деса, тадбиркор нақд пулга, беркитиб сотишни танлайди. Тадбиркорга эркинлик берилмаса, 50-100 фоизлик кешбэк ҳам рол ўйнамай қолади.

Ҳозирги кунда электрон бошқарув қиламиз деяётган нарсаларнинг бари электрон бошқарув учун эмас, электрон назорат учун қилинган. Аҳолига, тадбиркорга қулай бўлиши учун эмас, назорат қилишга қулай бўлиши учун. “Ўнгга юрсанг ҳам, чапга юрсанг ҳам, хато қиласан ва сени жазолайман”, деган тадбиркорларга муносабат бўлиб қоляпти. Хато қилиш эҳтимоли ва жарима қилиш эҳтимоли катта бўлса, кешбэк қанча бўлишидан қатъи назар, тадбиркор қонуний бизнесга яқинлашмасликка ҳаракат қилади.

— P2P назорати яна кун тартибига қайтган. Солиқ қўмитаси бир неча йиллардан бери картадан картага ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни қўлга киритишга ҳаракат қилиб келади. Аммо бу жамоатчилик эътирозлари туфайли амалга ошмай келаётганди. Бу таклиф қилинаётган норма борасида қандай фикрдасиз?

Фахриддин Илёсов
: — Миллий валютамизнинг 33 йиллик муаммоси бор. Шунча йилдан бери фуқароларимизда эндигина миллий валютамизга нисбатан ишонч пайдо бўляпти. Миллий валютани сақлашга нисбатан шубҳа бор эди одамларда, чунки шундай давр бўлган: кассага, банкка пул топшириб, қайтиб ололмаган. Валюта ва банк соҳасида кўплаб муаммолар бор эди, ўша муаммолардан энди халос бўлиб, одамлар карталарида пул сақлашга ўрганяпти, шу вақтда биз карта орқали муомала қилишни хоҳлаяпмиз, лекин ўша картадан бир-бирига пул берса, унга нисбатан чора кўриш билан қўрқитяпмиз.

Агар карта орқали ўтказмалар муаммо чиқарса, яна нақд пулда олди-берди кўпаяди. Бу ислоҳотлар орқали миллий валюта ва банк тизимимизга ишончни йўқотиб қўймаслик керак.

Мурод Муҳаммаджонов: — Картадан картага пул ўтказиш жисмоний шахслар нақд пулни бир-бирига беришига ўхшайди. Ҳозир энди мен кимгадир пул берсам, ўшани кўриб туришим керак, деган нарса бўляпти солиқ органи томонидан. Бунинг хавфли томони нимада? Эсласак, миллий валютага ишонч пайдо бўлишидан олдинги ҳолатда картадаги пулни нақд қилиш 20 фоизгача чиқиб кетган эди. Яна худди шу нарса бўлади, бир қадам олдинга, икки қадам ортга, дегандай. Картадаги пул билан муомала қилиш хавфли бўлар экан, нақд пулга айлантираман, деган фикр бўлади. Нақд пул етишмовчилиги бошланади яна. Одамлар ўзаро муносабатда нақд пул сўрайди.

Бу билан яширин иқтисодиётга тўсқинлик қилиб бўлмайди, кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас бу. Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш учун қилинадиган ҳаракат иллюзияси бўлади бу. Ҳамма нақд пулга ўтади, картадаги ва нақд пул тафовути 10-20 фоизга чиқади яна. Кейин унга ечим қидира бошлаймиз, картадан пул майдалаётганларни жазолаймиз. Ўзимиз муаммо яратиб, ўзимиз халоскор бўлишни бошлаймиз.

Фахриддин Илёсов: — Банкдан хоҳлаганда нақд пул олиш имконини берган ислоҳот бир кунда пулни нақдлаштириш бўйича муаммони йўқотди-ку. Яъни бизда муаммо бўлса, уни даволаш керак, ҳар хил йўллар билан назоратни кучайтириш орқали тузатиб бўлмайди.

Мурод Муҳаммаджонов: — Қилинаётган ислоҳотнинг негативи одамларга қанчалик таъсир қилишини ўрганиш керак. Яширин иқтисодиёт 49 фоиз экан, шунинг қайси ҳажми нимани ташкил қилади, деган таҳлил борми? Айнан P2P формат бўйича жисмоний шахсдан жисмоний шахсга картадан ўтган ҳолатлар таҳлили борми? Ёки божхонадан кириб келаётган товарлар бўйича кетяптими бу? Чегарадан кириб келадиган, қазиб олинадиган ёки ишлаб чиқариладиган товарлардан бошланадиган бўлса, нега энди бошидан сасиган балиқни думидан тозалашмоқчи?

— Яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган ҳужжат лойиҳасига кўра, солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳудудига кириш ва бинони кўздан кечириш ваколатини олишни истаяпти. Агар солиқ органлари бундай ваколатга эга бўлса, бунинг қандай салбий оқибатлари бор?

Фахриддин Илёсов
: — Қарор лойиҳасидаги энг катта муаммо: солиқ инспектори келиб, хоҳлаганда кириб, кўздан кечириб, кўздан кечирганлари асосида сайёр текширув имкони бериляпти. Биз ҳар куни текширувларга қарши курашяпмиз, ҳар йили президентимиз 20 августда текширувлар қисқариши тўғрисида эълон қиляпти, лекин энди Ўзбекистонда 2 мингта солиқ инспектори бўлса, уларга хоҳлаган вақтда сайёр текширув қилишга имконият беряпмиз. Ҳар биттаси йилига 100 та текширув ўтказса, 200 мингта қўшимча текширув бўладими энди? Бунинг устига сайёр текширув бу, оддий текширув эмас.

Шунинг учун бунга 100 фоиз қаршимиз. Биринчидан, катта коррупцияга олиб келади. Иккинчидан, солиқ инспекторини бошқа ташкилотлар ишлатишни бошлайди, яъни ҳудудга кирмоқчи бўлган, имконияти, рухсати бўлмаган хоҳлаган ташкилот солиқ инспекторидан бирга кириб чиқишни сўраши мумкин. Дейлик, солиқ инспектори СЭС ёки бошқа давлат ташкилоти ходими билан кириб, текширув қилиб кетиши мумкин. Бу – чегарасиз ҳуқуқ. [Солиқ қўмитаси раиси] Шерзод Давлатович буни биз қурол сифатида оламиз, лекин ишлатмаймиз деяпти, лекин деворда осилиб турган қурол, албатта, отилади, аниқ ишлатишади бу қуролни. Шерзод Давлатович ваъдани беряпти, лекин эртага қўмитага бошқа раис келади, нега бу ҳуқуқни ишлатмаяпмиз, дейди ва аниқ ишлайди бу нарса.

Мурод Муҳаммаджонов: Савдо қоидасини бузиш масаласини кўрадиган бўлсак, ходимлар сонини назорат қилиш мумкинлиги, ер қаъридан фойдаланганлик масаласи… Ҳудудга кирганда шу ҳолатларни кўрадиган бўлса, сайёр текшириш тайинлаш мумкин дейишмоқчи. Бу ўзи мавжуд ҳуқуқни яна ҳам эркинлаштириб олиш бўлади. Энди хоҳлаган пайтим қиламан деган нарса бўлиб қолади. Солиқ органида 100 фоиз дея олмайман, 99 фоиз бизнес нималигини тушунмаганидан қилинаётган иш бу. Фалон нарсанг жойида йўқ экан деган талабдан тадбиркорлар жуда кўп зиён кўряпти. Бизнес жараённи тушунмагани учун қонун мана бундай бўлиши керак деган нарсани ушлаб олишяпти. Қонун бир тарафда, бизнес бир тарафда қолиб кетяпти, сал пастроқ тушайлик.

2021 йил 7 январда 1-сонли қарор қабул қилинган, унда “таҳлил-таҳлика” дастури орқали чиққан қарорда 3 та йўналиш бўйича текшириш тартиби бор. Уларнинг орасида сайёр текшириш бўйича ҳам тартиб белгиланган. Сайёр солиқ текшируви касса қоидалари, ходимлар сони, ер қаъридан фойдаланишни текширади, мониторинг, хронометраж ўтказиши мумкин деган ўнта банд бор. У ҳуқуқларга қандай чиқиш мумкин деган саволга, “Таҳлил-таҳлика” дастури орқали деб жавоб бериш мумкин. Дастур орқали “кўп электр энергиясини ишлатяпсан” деб, сайёр текширувга чиқиш мумкин. Энди бизга бу дастур ҳам керакмас, хоҳлаган пайтим кираман деган нарса бўляпти. Бу очиқ коррупцияга олиб келади. Хоҳлаган пайт кириш чексиз ваколат беришдир. Бу эртага ёмон оқибатларга олиб келади.

Кенгашда биринчи шу масала кўтарилганди. Кенгаш бу бандга жиддий қаршилик билдириб, уни ҳужжатдан чиқариб ташлаш ҳақида таклиф берди. Ҳужжатдаги деярли барча нормаларга эътироз билдирилди. Шунақа катта эътирозлар бўлганда ҳам бу нормалар ўтиб кетадиган бўлса, президент ҳузуридаги кенгаш фақат иллюзиядан бошқа нарса бўлмай қолади. Бу нарсага алоҳида урғу бераётганим сабаби – бу нормалар ўтмаслиги керак.

Фаҳриддин Илёсов: 2 йил олдин ҳамма жойда тадбиркор қаҳрамон эди. Охирги вақтларда тенденция тескари қараб кетяпти. Бюджет танқислигини эплай олмаётган ҳукумат бунда бизнесни айблаяпти. Тадбиркор мажбуриятини бажармаяпти, бизнес айбдор каби тезисларни ишлатишяпти. Лекин микрофонни бизнес тарафга берса, унда ҳам гапирадиган гаплари бор. Шерзод Давлатович айтяптики, яхши тадбиркор бор, солиқларини тўлаяпти, ёмон тадбиркор бор, ходимларини нақд пулга ишлатяпти. Лекин шу қарор лойиҳаси хуфиёна ишлаётган тадбиркорларга эмас, тўғри ишлаётган тадбиркорларга юк бўлади, холос.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Хуфёна иқтисодиётга қарши кураш иллюзияси” — Солиқ қўмитасининг режалари нега танқидга учради?