14:43 / 03.02.2024
107

Суперсмарт ва бионик одамлар – яқин келажакда технология бизни қандай ўзгартиради?

Суперсмарт ва бионик одамлар – яқин келажакда технология бизни қандай ўзгартиради?
​​​​​​​Бир неча 10 йилликдан сўнг инсон мияси худди компютер сингари ишлай бошлайди. Инсоният технологиялар тараққиёти сабаб генетик касалликларга чалинмай қўяди. Беморлар донорлик органларини кутишмайди, улар лабораторияларда ўстирилади. Ҳатто тана аъзоларимиз керак бўлмай қолиб, уни яхшироқ бажарадиган қурилмалар ичимизга ўрнатилади. Фақат бу тараққиётдан сўнг ёлғизлик ҳам келиши мумкин.

Бу ҳақидаги башоратлар Рей Курзвейлнинг “Ёлғизлик яқин” асарига тегишли. Рей Курзвейл – компютер соҳаси бўйича америкалик олим, футуролог. У, асосан, технологиялар келажакда инсонлар ҳаётида қандай рол ўйнаши ҳақида асарлар ёзади. Муаллиф – Microsoft компанияси асосчиси, америкалик миллиардер Билл Гейтснинг севимли ёзувчиларидан бири. Билл Гейтс Рей Курзвейлни "Сунъий интеллект келажагини башорат қила оладиган мен билган энг яхши одам" деб таърифлаган.

Рей Курзвейл ўзининг 1999 йилда ёзилган "Руҳий машиналар асри" китобида компютерлар тез орада инсон ақл-заковатининг энг яхши кўрсаткичлари билан рақобатлаша олиши фикрини илгари сурган. "Ёлғизлик яқин" китоби эса 2005 йилга тегишли, муаллиф бу китобда кейинги босқичларда нималар содир бўлиши ҳақида башорат қилади.

Сунъий интеллект ва замонавий технологияларга тўйинган ҳаётимизда кейинги босқичлар қандай бўлиши қизиқ бўлса, Рей Курзвейлнинг “Ёлғизлик яқин” китоби ҳақидаги ушбу мақолани ўқинг.

Технологиялар қандай ривожланади?

“Ёлғизлик яқин” китоби 2005 йилда ёзилган бўлса-да, 2025 йилдан кейинги башоратларни тақдим этади. Муаллиф қарашларига кўра, технология эволюцияси 6 та даврдан иборат:
  • Биринчи давр – физика ва кимё даври. Коинотнинг бошланғич даврида барча нарса субатомик даражада бўлган;
  • Иккинчи давр – биология ва ДНК. Ерда ҳаётнинг бошланиши;
  • Учинчи давр – мураккаб организмлар даври. Эволюциянинг бу босқичида мураккаб организмлар пайдо бўлади. Мияли мавжудотлар ўзларининг хатти-ҳаракатларини ўзгартиради ва ўтмишдан сабоқ олади;
  • Тўртинчи давр – технологиялар даври. Одамлар технологиялар ярата оладиган босқичга етади;
  • Бешинчи давр – инсон яратган технологияларнинг инсонлар билан қўшилиб кетиши. Биология (инсоният) ва технология юқори сифатли ҳаёт шакллари ва интеллект яратиш учун бирлашади;
  • Олтинчи давр – коинот уйғонадиган давр. Бу босқичда супер-интеллект туғилади.

Рей Курзвейлга кўра, инсоният ҳозир бешинчи – инсоният ва технологиялар бирлашуви даврида.

Ривожланиш “пик”ка чиққан давр

Инсоният қанчалик қисқа даврда технологиялар тезлик билан ривожланаётганини ўз кўзи билан кўриб турибди. Тахминан 3,8 млрд йил олдин Ерда бир ҳужайрали мавжудотлар шаклланган. Кўпҳужайрали мавжудотлар шаклланиши учун эса 2 млрд йил керак бўлди. Аста-секин эволюция жараёни кучайиб боради.

Агар Ер юзидаги тараққиётни график чизиқлар билан тасвирлашни истасангиз, бу жараён вақт ўтган сари тезлашиб бораётганини кўриш мумкин. Технологик тараққиёт ҳам худди шундай.

Масалан, бундан 50 минг йил олдин олов ёқиш каби йирик ихтиролар камида минг йилда бир содир бўлган, ҳозир эса йирик ихтиролар орасидаги муддатлар жуда қисқа.

Нанотюб ва ДНК компютерлари

Компютерлар ишлаш тезлигида катта сакрашлар амалга ошмоқда. Компютерларда ишлатиладиган кремний компоненти унинг ишлашини яхшилайди. Аммо ҳатто кремнийнинг ҳам имкониятлари чекланган. Кремний компонентидан электр оқиб ўтади ва қизиган чиплар самарадорликни пасайтириши мумкин. Бунинг ечимини топа оладиган технологиялар аллақачон ишлаб чиқилмоқда. Шундайларидан бири нанотюб технологиялари бўлиб, улар компютер ишлашини сезиларли тезлаштиради.

Нанотюблар нозик цилиндрлар бўлиб, улар углерод атомидан ясалади. Улар чип компоненти бўлишга ажойиб номзод бўла олади, сабаби кремний асосли ўтказгичларга қараганда электронларни осонроқ ўтказади. Натижада, нанотюб компютерларнинг ишлаш тезлиги анъанавийларига қараганда 100 баробар тезроқ бўлиши мумкин.

Шунингдек, яна бир турдаги технология — ДНК компютерлари инсоният етишни кўзлаган уфқ бўлиб турибди. Одатий компютерларнинг ишлаши кремний чипларига боғлиқ бўлса, ДНК компютерлари молекулалари ҳаракати асосида ишлайди.

ДНК молекулалари жуда кичик жойни банд қилади, лекин кўплаб вазифаларни бажара олиши мумкин. Шу нуқтаи назардан агар бу турдаги компютерлар реаллашса, келажак компютерлари жуда ҳам кичик ҳажмли бўлиши мумкин.

Компютерлар инсонларнинг миясини “кўчириб олади”

Балки бунга ишонмаслик мумкиндир, лекин бу ҳақиқатга яқин башорат бўла олади. Яқин йилларда техникалар инсонлар қиладиган ишларни улардан ҳам яхшироқ бажара бошлайди.

Инсон мияси интеллектуал ҳаракат қилганда унда қандай ўзгаришлар бўлишини сканерлашлари ва уни ўрганишлари мумкин. Ҳар ҳолда олимлар ҳозир инсонни ўзига хос қиладиган ҳаракатларни ўрганиш ва буни технологияларга ўргатиш устида ишлаяпти.

2030 йилгача олимлар инсон миясига тақлид қила оладиган ва ҳатто онгли бўла оладиган компютер қуриши, уни дастурлашлари мумкин. Узоққа бормасдан, сунъий интеллект ҳақида ўйлашнинг ўзи бу турдаги компютерларни тушуниш учун етарли.

Даволовчи наноботлар

Наноботлар келажак шифокорлари ҳисобланади. Улар инсоннинг ичини текшириб, касалликларни даволайди, зарарли ўринларни тиклайди. Кейинги бир неча ўнйилликда наноботлар инсонларга жисмоний оғриқларга қарши туришга ва уларни даволашга ёрдам бера бошлайди.

Бу механизм қуйидагича ишлайди: сиз бир марта нанобот инъекциясини қилдириш учун шифокорга борасиз ва шунинг билан узоқ муддат шифокорга ҳам боришнинг ҳожати йўқ. Наноботлар ичингизда ўз-ўзини кўпайтирувчи хусусиятга эга бўлади ва улар қондаги токсинларни, вирусли ДНКларни ва бактерияларни йўқ қила олади. Оқ қон таначалари танадаги патогенлар билан курашади, наноботлар ҳам худди шунга ўхшаш тарзда, фақат анча самаралироқ ишлайди. Наноботлар ҳатто миядаги хавфли кимёвий тўқималарни йўқ қилиш орқали Алцгеймер касаллигининг ҳам олдини олиши мумкин.

Бу митти роботлар саратон касаллигида ҳужайраларга дори етказиб бериш каби вазифани ҳам бажариши мумкин. Наноботлар саратон ҳужайраларига дори етказиб берганда беморни соч тўқилиши ва кўнгил айниши каби ҳолатлардан ҳимоялайди.

Одамлар ўз наноботларини интернет орқали бошқариши мумкин бўлади.

Генетик касалликлар ўтмишга айланади. Одамлар ген терапиясидан фойдаланади

Келажакда ген терапиясидан фойдаланила бошланиши кўп ўткир касалликларнинг оддий инъекция билан даволанишига сабаб бўлади.

Инсондаги турли генлар қайсидир касаллик, масалан, диабет хавфини ошириши мумкин. Бу шундай генга эга ҳамма диабетга чалинади дегани эмас, лекин агар сизда шундай ген бўлса, эҳтиёт бўлиш кераклигини, диетани назорат қилиб, жисмоний ҳаракатлар билан шуғулланишингиз кераклигини англатади.

Яна баъзи касалликларга ўзгарган ва зарарланган генлар сабаб бўлиши мумкин.

Агар ген терапияси қонга юборилса ва натижаси наноботлар ёрдамида назорат қилинса, шикастланган ДНК ўзини тиклаб олиши мумкин ва касалликларнинг олди олинади.

Инсон инсонга донор бўлмайди, донорлик органлари лабораторияларда етиштирилади

Ҳар йили дунёда 50 минг бемор донор органлари етишмовчилиги сабаб вафот этади. Амалдаги органлар трансплантацияси жиддий камчиликларга эга. Кўпинча донорлик органлари бир-бирига қариндош бўлмаган одамлардан олинади. Оқибатда орган ўрнатилган одамнинг иммун тизими қарши курашга тушиб кетади ё янги органни рад этишга ҳаракат қилади.

Идеал трансплантация қилинувчи орган беморнинг ўз ҳужайраларидан иборат бўлиши керак. Ва ажабланарлиси инсоният бунга яқин турибди.

Биотехнологиялардаги ютуқлар инсоннинг бир турдаги, масалан, тери ҳужайрасини, бошқа турдаги ҳужайрага айлантириши мумкин. Ва бу ҳужайралардан керакли органни етиштиришда фойдаланилади.

Бундан ташқари, қон оқимига киритиладиган янги ҳужайралар ўзига йўл топиб қариган ҳужайраларни янгилай олиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда ҳужайралар жарроҳлик йўлисиз ҳам янгилана олади.

Бионик — сунъий қисмлардан иборат одам бўлиш танлови

Ҳозир одамлар линза ва қулоққа тақиладиган имплантлар ҳақида ортиқча ташвишланиб ўтиришмайди. Бу фақат бошланиши. 2030 йилларда танангиз биологикдан кўра нонбиологик тузилишга эга бўлиб қолади. Бу пайтга келиб кўплаб органларингиз тана фаолиятини яхшилайдиган турли электрон қурилмалар билан алмаштирилади.

Бунда инсоннинг юраги, ўпкаси ва қони қон оқимига кислородни ҳайдаб, карбонат ангидридни чиқазиб ташлайдиган наноботлар ёки респиротситлар (сунъий қон таначалари) билан алмаштирилади. Яна инсонга ҳазм қилиш тракти ва буйраклар ҳам керак бўлмай қолади. Сабаби наноботлар ҳар бир ҳужайрага озиқ моддаларни етказиб беради ва ортиқчаларидан танани тозалаб ўзи билан олиб чиқиб кетади. Натижада, инсон ортиқча вазн ва витамин етишмовчилиги кабилардан азият чекмайди. Наноботлар ёрдамида инсон ҳатто ўзи хоҳлаган қиёфани ҳам ярата олади.


Сунъий интеллект ва инсон интеллекти бирлашади, инсонлар суперсмартга айланади

Бунинг моҳияти шундаки, мия-компютер интерфейслари яхшилангани сайин сунъий ва инсон интеллекти ўртасидаги чегара ҳам йўқолиб боради. Бу пайтга келиб одамлар хотирасини чиплар ёрдамида яхшилашни истаса ёки фақат фикрлари ёрдамида машина бошқаришни хоҳлаб қолса, унда уларга кучли мия-компютер интерфейси зарур бўлади.

Дунёда мавжуд махсус лабораториялар аллақачон бундай интерфейсларни яратиш устида иш олиб боряпти. 2003 йилда тўғридан тўғри тирик нерв ҳужайраларига уланадиган чип ихтиро қилинган эди. Бу неурочиплар миямизга ўрнатилиб, ишлай бошлагач уларнинг инсон ақли ёки сунъий идрок эканини ажратиб ҳам бўлмай қолади. Улар ёрдамида инсон ўта даражада ақлли бўлиб кетади. Кейин "тилимнинг учида" деган иборалар керак бўлмай қолади. Инсон ҳар қачонгидан ҳам билимли бўлади.

2030 йилларнинг охирларига бориб инсон наноботлар ёрдамида миясини интернетга улаши ва исталган маълумотни юклаб олиши мумкин.

Ёлғизлик яқин

Тахминан 2045 йилларга бориб ёлғизлик етиб келади. Биз бу давргача жуда кўп касалликларга қарши жиҳозланамизки, худди виртуал ўлмас кишига айланган каби.

Дунёнинг катта қисми гигант компютерга айланиб боради. Бунда наноботларнинг буюмларни ақллироққа айлантиришдаги ҳаракатлари содир бўлади.

20245 йилгача яшаганлар смарт роботлар билан “гаплаша олади”.

Хулоса қилиб айтганда, технологиялар ҳаётимизда ўзимиз кутмаган тарзда ўзгариш ясашда давом этаверади. Ёлғизлик ҳам ҳаётимизга технологиялар тараққиёти билан кириб келади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Суперсмарт ва бионик одамлар – яқин келажакда технология бизни қандай ўзгартиради?