
2025 йил 9 декабр куни «Ўзэлектротехсаноат» уюшмаси ва Жанубий Кореянинг Роботис компанияси Ўзбекистонда гуманоид роботлар ишлаб чиқариш бўйича меморандум имзолади. Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкентда 66 минг квадрат метр майдон ажратилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ҳужжатда янги соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш масаласи ҳам кўзда тутилган. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги музокаралар ўзбек-корейс давра суҳбати доирасида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, жумладан, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация иштирок этди. Maeil Business Newspaper нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун давлат дастурларига биринчи даражада эътибор қаратишга тайёр.
1999 йилда Сеулда ташкил этилган Роботис компанияси робототехника ускуналари, жумладан, модулли «ақлли» драйвларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Сўнгги йилларда компания автоном хизмат роботлари, жумладан, курьер роботларини яратиш билан шуғулланмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.