Дунё бўйлаб 149 миллион фойдаланувчининг пароллари интернетга сизиб чиқди

Катта кўламли маълумотлар сизиб чиқиши оқибатида турли онлайн сервисларнинг 149 миллион фойдаланувчисига оид маълумотлар очиқ интернетга тарқалди. Сизиб чиққан базада логин ва пароллар, банк карталари реквизитлари, шунингдек давлат тизимларига кириш учун мўлжалланган хизмат калитлари ҳам бор. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Wired технологик нашри хабарига кўра, зарар кўрганлар орасида Google’нинг Gmail почта сервисига тегишли 48 миллион аккаунт, Facebook ижтимоий тармоғининг 17 миллион аккаунти ҳамда Binance криптобиржасининг 420 минг ҳисоб қайди бор. Бундан ташқари, стриминг платформаларига кириш калитлари ҳам интернетдан топилгани айтилмоқда.
Ҳозирча сизиб чиқиш манбаи ва ушбу маълумотлар кимга тегишли экани аниқланмаган. Дастлабки баҳолашларга кўра, бундай катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш учун кибержиноятчилар зарарли дастурлардан фойдаланган бўлиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда транспорт оқимини “ақлли” бошқариш учун ўрнатилган қарийб юзта йўл камераси тармоғи узоқ вақт паролсиз очиқ тургани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Таъкидланишича, бу заифлик исталган фойдаланувчига реал вақт режимида миллионлаб одамларнинг ҳаракатини кузатиш, йўловчиларнинг юзларини кўриш ва юқори аниқликдаги видеоархивларга кириш имконини берган. Кейинчалик расмийлар ушбу маълумотни рад этган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!