Амазон'дан 3000 долларга РТХ 5090 олган мижоз тош ва сочиқ қабул қилиб олди

Amazon’даги RTX 50 серияси видеокарталари тақчиллиги ва нархлар ошиши қаллоблар учун янги имкониятларга айланди, деб Playground.ru хабар берди. Reddit’да тарқалган маълумотга кўра, фойдаланувчи NVIDIA GeForce RTX 5090 видеокартасини буюртма қилган, аммо унга кутилаётган қурилма ўрнига сочиққа ўралган тошлар келган.
Бу MSI SUPRIM RTX 5090 модел бўлиб, Amazon Resale — қайтарилган маҳсулотлар арзон нархда сотиладиган бўлим орқали харид қилинган. Amazon бу каби товарлар қайта юборилишидан олдин текширилади, деб таъкидлайди. Бироқ ушбу ҳолатда бундай текширув амалга ошмаган кўринади.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, бу Amazon орқали RTX 5090 сотиб олишга қилинган тўртинчи уриниш бўлган. Унга 3000 доллардан кўпроқ ($3000 ≈ 36 млн сўм) тўлашга тўғри келган. Аммо натижада фақат оғирлиги видеокартага яқин бўлган бегона буюмлар келган.
Фойдаланувчилар фикрича, омбордаги ходимлар юк оғирлигига қараб текширув ўтказмасдан жўнатишган. Айримлар Amazon’да бу каби ҳолатлар тизимли муаммога айланганини таъкидламоқда: аввалги ҳолатларда ҳам RTX 5090 ўрнига мижозларга гуруч, макарон ёки қурилиш чиқиндилари юборилган.
Кучли талаб, юқори нарх ва қаллоблар учун катта имконият фонида мутахассислар ва фойдаланувчилар онлайн харидлар вақтида юқори эҳтиёткорликни тавсия қилишмоқда. Бугунги кунда юқори нарх маҳсулот хавфсизлигини кафолатламайди. RTX 5090 эса қаллоблар учун энг жозибали нишонлардан бирига айланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!