Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш якунланди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш якунланди

Бугун мамлакатимизда Президент сайлови ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9 минг 383 сайлов участкасида соат 6:00 дан 20:00 га қадар овоз бериш жараёни бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи, мазкур округлар томонидан 9 минг 383 сайлов участкаси ташкил этилди. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Участка сайлов комиссиялари таркиби шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинди.

Барча участкаларда она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилди. Овоз бериш хоналари, қутилар, кўчма қутилар тайёрланди. Участкалар сайловга оид қонун, йўриқнома, қўлланма, зарур адабиётлар, номзодлар ва уларнинг дастурларини таништирувчи плакатлар, телефон, компьютер ҳамда интернет билан таъминланди.

Мамлакатимиздаги барча сиёсий партиялар сайловда иштирок этиш истагини билдирди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сарвар Отамуратовни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Шавкат Мирзиёевни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хатамжон Кетмоновни, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Наримон Умаровни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатди.

Сайловчилар учун бир қатор қулайлик ва шароитлар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир таклифнома ва сайлов бюллетенининг янги варианти ишлаб чиқилди. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг овоз бериши учун қулай шароит яратиш мақсадида ҳар бир сайлов участкаси пандус билан жиҳозланди. Кабиналарнинг бири ногиронларнинг овоз бериши учун ажратилди.
Кўзи ожиз фуқароларга брайль алифбосида сайлов мавзуси бўйича турли рисолалар чоп этилди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда илк марта кўзи ожизлар учун мўлжалланган сайлов бюллетенлари тайёрланиб ўз эгаларига етказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини 44 давлат ва беш халқаро ташкилот вакиллари кузататиб борди. Сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 400 дан ортиқ вакили ёритиб бормоқда.

Соат 22:00 да Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз беришнинг якунига бағишланган брифинги бўлиб ўтади.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.