
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбек-Америка бизнес ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат давлат раҳбари расмий сайтида эълон қилинди.
Кенгаш иштирокчиларини тасдиқлаш ва унинг фаолиятини тартибга солиш масалалари Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклатилади. Кенгашнинг устувор йўналишлари йирик савдо ва инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштиришдан иборат бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётига қўшимча маблағ жалб қилиш учун инвестиция жамғармаси ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу борада Халқаро молиявий ривожланиш корпорацияси (DFC) ҳамда глобал молиявий институтлар асосий инвестор сифатида иштирок этиши мумкин.
Ташкилот стратегик ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш учун масъул бўлади. Бундан ташқари, кенгаш ўзаро тарифларни камайтириш, IT Park резидентлари компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган IT маҳсулотлари ва хизматларини тарғиб қилиш ҳамда мамлакат инвестиция портфелини диверсификациялаш бўйича таклифларни кўриб чиқади.
Жумладан, Ўзбекистон Марказий банкининг валюта заҳираларининг бир қисмини самарали ишлатиш масалалари ҳам муҳокама қилинади. Келаси йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида янги лавозим — маслаҳатчи-элчи жорий этилади.
У икки давлат ҳудудида савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул бўлади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.