
Ўзбекистон АҚШда янги консулликларни очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Америка-Ўзбекистон бизнес кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги фармонида сўз юритилган.
Янги дипломатик ваколатхоналарга АҚШнинг асосий соҳалари билан ишлаш бўйича мутахассислар жалб қилинади. Шунингдек, уларни очишда Ўзбекистон диаспорасининг сони ҳам ҳисобга олинади.
Консулликлар Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарларда очилиши кутилмоқда. АҚШдаги консулликларнинг муҳим вазифаларидан бири барча штатларда яшовчи ватандошлар диаспораси билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2023 йилга келиб АҚШда яшовчи ўзбекистонликлар сони 75 минг кишини ташкил этади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ-сентябрь ойлари давомида АҚШга 12,9 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси сафар қилган.
Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 9,3 фоизга ошган. Ўзбекистонликларнинг аксарияти АҚШга турист сифатида – 9,2 минг киши борган.
3,1 минг киши қариндошларини зиёрат қилган бўлса, 304 нафар ўзбекистонлик ўқиш мақсадида ташриф буюрган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.