Хуқуқий демократик давлатда инсон, унинг ҳукук ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланади. Инсоннинг табиий ҳуқуқ ва эркинликларини эътироф этиш, амал қилиш хамда химоя қилиш давлатнинг асосий вазифасидир, дейилади "Sharh.uz" сайтида.
Давлат ўзининг бу ҳимоя қилиш вазифасини ҳокимиятнинг барча тармоқлари орқали амалга оширади. Бироқ, хуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилишда суднинг роли муҳим ва асосий вазифани ўташ билан бошқалардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам демократик ҳуқуқий давлат қурилишида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи хокимиятлар билан бир қаторда суд хокимиятиниг мавжуд бўлиши ҳамда унинг амалдаги мустақиллиги таъминланиши мухим аҳамият касб этади.
Мустақилликка эришилган дастлабки кунлардан бошлабоқ Ўзбекистон Республикасида кучли ва мустақил суд ҳокимиятининг юзага келиши йўлидаги қатор қийинчиликларни бартаф қилиш мақсадида суд ислоҳотини босқичма босқич амалга оширишга киришилди. Чунки собиқ тузумдан бизга советлар олдида ҳисобдор бўлган, адлия органларига бўйсунадиган, судьялар эса партия аъзоси бўлиши шарт бўлган суд мерос бўлиб ўтган эди. Судлар ва бошқа жазоловчи органлар адашмайдиган, қатағонга қаратилган, шубҳа, гумонни билмайдиган қилиб ўйлаб топилган эди.
Суд ҳокимиятини ислоҳ қилиш, унинг мустақиллигини таъминлаш ва мустаҳкамлаш учун умумэътироф этилган халқаро стандартлардан бири – Бирлашган Миллатлар ташкилотининг еттинчи конгресси томонидан қабул қилинган. "Суд органлари мустақиллигига оид асосий принциплар" ва қатор халқаро хужжатлар асос сифатида олинди. Мазкур пирнципларга кўра суднинг вазифаси ўз ваколати доирасидаги ишларин холис, беғараз, фақат қонунга бўйсунган ҳолда ҳеч қандай чекловларсиз, тазйиқларсиз ва рағбатларсиз кўриб, ҳал қилишдир. Ана шундай суд ҳокимиятини шакллантириш ғояси Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А. Каримов томонидан илгари сурилиб, мамлакатимиздаги суд ислоҳотининг бош мақсади қилиб белгиланди. "Суд жазоловчи органдан оддий одамларинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилувчи органга айланиб, ҳақиқатан ҳам мустақил бўлиб қолиши лозим", дея таъкидлаган эди биринчи Президентимиз.
Суд ҳокимиятининг ҳуқуқий ҳимоя функцияси ғоялари Ўззбекистон Республикаси Конституциясининг қатор моддаларида ўз аксини топди. Суд ҳокимиятининг ташкил этилиши ва амал қилиши асосларини белгиловчи Конституциявий нормалар кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида"ги қонунлар, Фуқаролик кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Хўжалик процессуал кодекси, Жиноят ва Жиноят процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонунларда мустаҳкамланди.
Суд ислоҳотини чуқурлаштириш, ҳокимиятнинг учинчи, мустақил ва қарам бўлмаган тармоғи сифатида бутун одил судлов тизимини демократлаштириш масаласи доимий равишда давлатимизнинг энг устувор мақсадларидан бири бўлиб келди. Шу мақсадда қатор Давлат дастурлари қабул қилиниб, бу соҳани янада либераллаштириш масаласи мунтазам равишда мухокама қилиниб, ислоҳ қилиниб келмоқда.
2016 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.М. Мирзиёев томонидан қабул қилинган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони ҳам мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиши билан биргаликда, суд-ҳуқуқ соҳасида йиғилиб қолган жиддий муаммоларнинг ечимига қаратилган. Тараққиётимизнинг бугунги босқичида барча соҳадаги каби фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиниши борасида мавжуд қонунчиликни таҳлил қилиш, улардаги зиддиятларни аниқлаб, бартараф этиш орқали давлатнинг ҳимоя функциясини амалга оширувчи суднинг ролини янада ошириш энг долзарб масалага айланган эди. Қабул қилинган Фармоннинг ҳар бир бандини ўрганар эканмиз, улар ҳаётдаги, қонунларни қўллаш амалиётидаги жиддий тўсиқлар ва қарама қаршиликларни бартараф этишга қаратилганлигини ҳис қиламиз.
Хўш, Фармон қабул қилинишига зарурат пайдо қилган амалдаги вазият қандай эди ва Фармон бу борада қандай ўзгаришларга олиб келади? Шу каби саволларга жавоб излаб, Фармоннинг айрим жиҳатларига тўхталмоқчимиз. Ҳусусан, Фармоннинг 2- бандига кўра судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи таклифлармаъқулланиши белгиланди. Амалдаги "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 63-моддасига кўра судьялик лавозимига беш йил муддатга тайинланади (сайланади). Ушбу муддатга тайинланган судьянинг кейинги фаолияти, яъни яна уни судьяликка тақдим қилиниши масаласи суд раисларининг фикри билан боғлиқ ҳисобланади. Бу эса судьяларнингюқори лавозимдаги судьяга қарам бўлишига, оқибатда эса унинг қарорларни мустақил қабул қила олмайдиган ҳолат юзага келишига, юқори судларнинг қуйи судларга таъсирўтказишига, яъни судя ўзи қабул қилаётган суд актини ўз ички ишончи ва далиллар, иш хужжатлари асосида эмас, суд раиси билан келишган ҳолда қабул қилишга мажбур бўладиган вазият мавжуд эди. Ишни мазмунан кўришда иштирок этмаган суд раисининг фикр билдириб, якунийқарор қабул килишда унинг мухим рол ўйнаши албатта суднинг холислиги принципларининг бузилишига олиб келар эди. Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинланиши судяларнинг ўзига ишончи пайдо бўлишига, ҳеч кимга қарам бўлмаган ҳолда, мустақил, холис ва беғараз ва фақат қонунга асосланган ҳолда ишни мазмунан кўра олишига имконият туғдиради. Бу эса ўз навбатида халкаро амалиётда мавжуд бўлган судлар ва судьяларга қўйилган талаб ва имкониятларга тўлиқ мос келади.
Фармоннинг 3-банди 7-хат бошисига кўра терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилиниши белгилаб қўйилди. Бундай катта ўзгартиришларга олиб келадиган янгиликка зарурат мавжуд эди. Чунки, амалдаги Жиноят процессул кодексининг 23-моддасига кўра айбдорликка оид барча шубҳалар башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айблануви ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Дастлабки суриштирув ва тергов органи жиноят содир этган шахсга айб эълон қилишда, унинг ушбу жиноятни содир қилишдаги айбдорлигини (айбсизлигини) албатта исбот қилиб беришга мажбур, чунки айбланувчи айбсизлик презумпциясига кўра, суднинг чиқарган айблов ҳукми қонуний кучга кирмаганга қадар айбдор деб ҳисобланмайди. Гумон қилинувчи, ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ҳам мазкур моддада белгиланган бўлсада, жиноят содир этган шахснинг айбдорлигини исботлаш мажбурияти Жиноят процессуал кодексининг 86-моддасига кўра терговчи, суриштирувчи, прокурор ва судга юклатилган. Мана шу мажбуриятдан келиб чиқиб, суд амалдаги ЖПК талабларига кўра суриштирувчи ва терговчи томонидан қонун талаблари бузилганлиги ҳолатлари мавжуд бўлсада жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариши амалиёти мавжуд эди. Ушбу қонун нормасида зикр этилган шахснинг айбдорлигини исботлаш вазифаси бевосита судга ҳам юклатилганлиги, одил судловнинг суд томонидан амалга оширилиши принципига зид эди. Бу ҳолат эса Ўзбекистонда оқлов ҳукмлари йўқ даражада эканлигига олиб келди. Жиноят ишида шахсни айблаш учун далилларнинг етарли эмаслиги аниқланганда суд оқлов ҳукми чиқариш ўрнига жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариши тергов ва суриштирув органларигаўзларининг йўл қўйган хато, камчиликларини хаспўшлаш, бартараф этиш имкониятини яратиб беради. Натижада қонун талаблари бузилган жиноят ишларининг қайта-қайта судга чиқарилиши ва бу борада айбдор шахсларнинг жазога тортилмаслиги ҳолатлари юзага келади. Ваҳоланки, қонунларимизда айбсиз кишини жавобгарликка тортганлик, адолатсиз ҳукм ёки қарор чиқарганлик каби ҳолатлар учун жиддий жавобгарликлар белгиланган. Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институтининг бекор қилиниши ўз навбатида терговва суриштирув органларининг ўз ишига жиддий, масъулият биланёндашиши, асоссиз айбловлар қўйилишининг олди олиниши,шахснинг айбдор эканлигини исботловчи далиллар етарли бўлмаса, уни оқлаш тўғрисида ҳукм чиқарилиши ва натижада суднинг том маънодаги ҳимоя функциясини амалга оширишига тўлиқ имконият яратади.
Фармоннинг 3-бандида яна бир-биридан муҳим аҳамиятга эга бўлган жиддий янгиликлар ўз аксини топган. Ҳусусан, вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институти тугатилиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатлари бекор қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилиниши каби ўзгартиришлар юқорида таъкидланганидек, суднинг мустақиллигини тўлақонли таъминланишига асос яратади. Чунки, суд ҳокимиятининг мустақиллиги деганда, унинг нафақат ҳокимиятнинг қолган икки тармоғи – қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан мустақиллигини, балки прокуратура органлари ва ўзидан юқори турувчи судлардан ҳам мустақил тарзда фаолият юритиши, конкрет ишни мазмунан кўриб ҳал қилишда фақат қонунга бўйсуниши тушунилади. Судларда кўрилган ишларнинг қонунийлиги, асослилиги юзасидан шикоят бериш ёки протест келтириш учун аппеляция ва кассация институтининг мавжудлиги бу борада манфаатдор тарафларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши учун етарли бўлган механизмлардан иборат. Фармонга асосан киритилаётган бу ўзгартиришлар суднинг том маънодаги мустақиллигини, унинг ҳеч кимга тобе бўлмаган ҳолда ишларни кўриб, ҳал қилиш шароитини яратади.
"Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармонининг қолган барча бандлари ҳам бугунги кундаги амалиётда мавжуд бўлган жуда катта муаммоларни ҳал қилишга, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси таъминланишига қаратилган. Ўйлаймизки, мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш орқали Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқий нормалардаги инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда ҳар кимнинг одил судловга бўлган ҳуқуқи масалаларига оид умумэътироф этилган принципларга амал қилиш таъминланади. Жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасида, қонун устуворлиги таъминланишида суднинг роли ва нуфузи ортади.
Шоира Умарова – юридик фанлар номзоди “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди