Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш борасида янги ҳуқуқий асос шаклланди. 2025 йил 30 июль куни қабул қилинган ва 1076-сонли Қонун билан расман тасдиқланган “Сув кодекси” мамлакатда сув, сув объектлари ва сув фонди ерларидан фойдаланиш муносабатларини комплекс равишда тартибга солади.
Ҳужжатда сув миллий бойлик сифатида эътироф этилиб, ундан фақат оқилона ва мақсадли фойдаланиш лозимлиги, давлат томонидан қўшимча муҳофазага олиниши қатъий белгилаб қўйилган. Кодексда сувдан фойдаланиш икки асосий турга – умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади.
Сув объектлари қуйидаги асосий тоифаларга ажратилган:
-
Ер усти ва ер ости сув объектлари
-
Трансчегаравий сув объектлари – яъни Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва давлат чегараларини кесиб ўтадиган ер усти ва ер ости сувлари
Сув объектларидан якка тартибда ёки биргаликда фойдаланиш имконияти яратилган бўлиб, ресурсларни самарали бошқариш мақсадида республика ва ҳавза даражасида, зарурат туғилганда эса маҳаллий даражада сув кенгашлари ташкил этилади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида Республика сув кенгаши фаолият олиб боради.
Кодекс қоидаларига кўра, сув объектлари доимий ёки вақтинча, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартларида фойдаланиш учун берилиши мумкин. Вақтинча фойдаланиш муддати камида 3 йил, кўпи билан 49 йилдан ошмаслиги белгиланган.
Сувдан умумий фойдаланишга қуйидагилар киради:
-
Ичимлик ва маиший эҳтиёжлар учун сув олиш
-
Чўмилиш
-
Чорва молларини суғориш
-
Спорт ёки ҳаваскорлик тартибида балиқ овлаш
Бундай фойдаланиш турлари рухсат ва чекловларсиз амалга оширилади. Аммо махсус фойдаланишга фақат Кодексда белгиланган ҳолларда ва махсус рухсатнома (лицензия) асосида йўл қўйилади.
Яна бир муҳим янгилик – сув сервитути тушунчаси киритилди. Бу фуқаролар ва транспорт воситаларининг ўтиши, ҳайвонларни суғориш ва ҳайдаш, соҳил ҳудудларидан эркин фойдаланиш ва ўтиш имкониятини таъминлаш мақсадида белгиланади. Сервитутлар оммавий ёки хусусий шаклда бўлиши мумкин.
Кодекс расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач тўлиқ кучга киради. Янгича ҳуқуқий тартиб сув ресурсларини бошқаришда замонавий ёндашувлар ва жамоатчилик иштирокини кучайтиради. Мутасаддилар ва экспертлар бу ўзгаришлар мамлакатда сувдан оқилона фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш ва экотизим барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашмоқда.
Янги Кодекс орқали Ўзбекистон сув ресурслари ҳимояси ва улардан самарали фойдаланиш соҳасида сифат жиҳатидан янги босқичга қадам ташлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!