date

Математикада тарихий ютуқ: 5 та медаль бирдaн

Математикада тарихий ютуқ: 5 та медаль бирдaн
Ўзбекистон терма жамоаси 66-Халқаро математика олимпиадасида ўзининг тарихидаги энг юқори натижани қайд этишга муваффақ бўлди. Австралияда ташкил этилган ушбу нуфузли олимпиадада ёш математикларимиз 4 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Ҳилола Умарова ўзининг шахсий Telegram каналида маълум қилди.

Ғолиблар билан танишинг:

Элбек Зоҳиджонов — Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб, 10-синф (кумуш медаль),
Асадбек Бобоқулов — «Artel Technical School» НТМ, 11-синф (кумуш медаль),
Расулбек Ғаффоров — Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб, 10-синф (кумуш медаль),
Беҳруз Элмуродов — Миришкор тумани 21-мактаб, 11-синф (кумуш медаль),
Озодбек Ахтамов — Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб, 11-синф (бронза медаль),
Умарбек Убайдуллаев — Сергели тумани ихтисослаштирилган мактаб, 7-синф (Honourable Mention).

Жамоа умумий ҳисобда 5 та медаль — 4 та кумуш ва 1 та бронза билан мамлакат байроғини юксак руҳда кўтарди. Бу натижа Ўзбекистоннинг халқаро фан олимпиадаларидаги иштирок тарихи учун янги босқич ҳисобланади.

Мукофотлар ҳам муносиб
Халқаро олимпиададаги ютуқлар учун таълимга катта эътибор қаратаётган давлатимиз томонидан ғолиблар қуйидагича моддий рағбатлантирилади:

2-ўрин (кумуш медаль) эгаларига — 562,5 млн сўм (1 500 баравар БҲМ),
3-ўрин (бронза медаль) соҳибига — 375 млн сўм (1 000 баравар БҲМ).

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилдаги Халқаро математика олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган эди. Жорий йил эса натижа янада яхшиланиб, кумуш медаллар сони икки баробарга ортди.

Бу ютуқ мамлакатимиз таълимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси эканини яна бир бор тасдиқлайди. Умид қиламизки, бу каби муваффақиятлар ёш авлодни фанга, хусусан, аниқ фанларга янада кўпроқ қизиқтиради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Математикада тарихий ютуқ: 5 та медаль бирдaн