
Ўзгидромет Ўзбекистон ҳудуди бўйича келаётган қиш мавсумига дастлабки об-ҳаво прогнозини тақдим этди. Декабр ойида ҳарорат меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда: ўртача ҳарорат одатдагидан 1–1,5° га юқори бўлади.
Ой бошида илиқ об-ҳаво сақланади – кечалари 0…+5°, кундузи +10…+15°. Декабрнинг иккинчи ярмида ҳарорат ўзгарувчан бўлади: кечалари +2…+7° дан 0…–5° гача, кундузи эса +12…+17° дан +2…+7° гача ўзгариши мумкин. Ёғингарчилик миқдори меъёрга яқин ёки бироз кам бўлиши прогноз қилинган.
Январ ойининг умумий ҳарорати кўп йиллик кўрсаткичларга яқин бўлади, бироқ айрим ҳудудларда бироз совуқроқ бўлиши мумкин.
Ойнинг дастлабки икки ўн кунлигида ҳарорат сезиларли даражада ўзгариб туради: кечалари +3…+8° дан –3…–8° гача, кундузи эса +10…+15° дан –2…+3° гача тушиши эҳтимоли бор. Ой охирига келиб кучли совуқ бўлиши кутилмоқда.
Аксар ҳудудларда кечалари ҳарорат –12…–17°, кундузи эса –5…–10° гача пасаяди. Нукус ва Урганчда эса совуқнинг –20…–25° гача етиши эҳтимоли бор.
Феврал ойида қишнинг совуқ давоми кузатилади: кечалари ҳарорат –5…–10°, кундузи эса –3…+2° атрофида бўлади. Ойнинг иккинчи ярмига яқин ҳарорат сезиларли даражада кўтарилади.
Кечалари ҳарорат +3…+8°, кундузи эса +10…+15° бўлиши мумкин. Жанубий ҳудудларда эса кундузи ҳаво ҳарорати +20° гача етиши эҳтимоли бор. Феврал ойи ёғингарчилик миқдори бўйича меъёр доирасида бўлиши кутилмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.