
Жаҳон банки томонидан тайёрланган GovTech Maturity Index 2025 натижаларига кўра, Ўзбекистон давлат рақамли технологиялари ривожи бўйича энг юқори даражага эга мамлакатлар жамланган А гуруҳига кирди. Ушбу кўрсаткич давлат секторининг рақамли трансформацияси қандай босқичда эканини аниқлаб беради ва анъанавий рейтинг эмас, балки мамлакатларни GovTech ривожланиш даражаларига кўра гуруҳларга ажратади.
Маълум қилинишича, 2025 йилда А гуруҳига жами 80 та давлат киритилган бўлиб, бу тадқиқотда қатнашган 197 мамлакатнинг 41 фоизини ташкил этади. Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли гуруҳдан жой олиши сўнгги йилларда давлат бошқарувини рақамлаштириш йўлида амалга оширилган изчил ислоҳотлар ва тизимли ёндашувнинг яққол самарасидир.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон 2025 йилги натижаларга кўра Жанубий Корея, Австралия, Канада, Япония ҳамда Европа Иттифоқи каби рақамли давлат хизматлари соҳасида анъанавий етакчи ҳисобланган давлатлар билан бир гуруҳда жойлашди. Бу эса мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли даражада ошганидан далолат беради.
GovTech Maturity Index давлатларни тўртта асосий йўналиш бўйича баҳолайди. Улар қаторига давлатнинг асосий рақамли тизимларини шакллантириш ва ривожлантириш, онлайн давлат хизматларининг қамрови ҳамда сифати, фуқароларнинг рақамли иштирок даражаси, шунингдек, рақамли трансформация учун зарур институционал ва технологик муҳит киради.
Жаҳон банки ҳисоботида таъкидланишича, дунё миқёсида GovTech соҳасидаги тараққиёт бир хил суръатда эмас. Бироқ давлат секторини рақамлаштиришга аниқ стратегия ва изчил сиёсат асосида ёндашган мамлакатлар юқори даражадаги гуруҳларда жамланмоқда.
Ўзбекистоннинг А гуруҳига кириши мамлакатда давлат бошқаруви анъанавий усуллардан воз кечиб, замонавий, самарали ва фуқарога йўналтирилган рақамли моделга босқичма-босқич ўтаётганини англатади. Бу эса келгусида давлат хизматларининг янада шаффоф, тезкор ва қулай бўлишига мустаҳкам замин яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.