
2025 йилда Ўзбекистон сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш бўйича энг сезиларли натижалардан бирига эришди. Миллий статистика қўмитаси ва Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 2024 йилдаги 8,9 фоиздан 2025 йилда 5,8 фоизгача пасайган.
Бу ўзгариш 302 мингта оиланинг камбағалликдан чиқишига хизмат қилгани қайд этилди. Энг катта ижобий силжиш Жиззах вилоятида (11,8 фоиздан 5,8 фоизгача), Хоразм вилоятида (11,9 фоиздан 6,7 фоизгача), Сирдарё вилоятида (11,3 фоиздан 6,2 фоизгача) ҳамда Тошкент шаҳрида (7,3 фоиздан 3,5 фоизгача) кузатилди.
Ҳудудлар кесимида қишлоқ жойларда ҳам вазият яхшилангани кўринади: бу ерда камбағаллик 9,2 фоиздан 6,4 фоизгача камайган. Шаҳарларда эса кўрсаткич 8,6 фоиздан 5,2 фоизгача тушган.
Ҳозирда тахминан 2,2 млн киши камбағаллик чегарасидан паст шароитда яшамоқда. Аҳоли даромадининг асосий манбалари сифатида иш ҳақи (72,6 фоиз), пенсия тўловлари (11,8 фоиз) ва қишлоқ хўжалигидан олинадиган даромадлар (10,1 фоиз) кўрсатилган.
Даромадлар тенгсизлиги ҳам қисқарган: бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут 6,3 баробардан 5,7 баробаргача камайди. Энг кам таъминланган қатлам даромадлари 26 фоизга ошган бўлса, юқори даромадли гуруҳлар даромади 13 фоизга кўтарилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.