date

Янги Тошкентда энергия тежамкор ёпиқ турдаги подстанция барпо этилмоқда

Янги Тошкентда энергия тежамкор ёпиқ турдаги подстанция барпо этилмоқда

Янги Тошкент ҳудудида Хитой ҳамкорлари билан биргаликда Ўзбекистонда илк бор ёпиқ турдаги подстанция қурилмоқда. У замонавий тригенерация технологияси асосида ишлаши режалаштирилган бўлиб, шаҳарни бир вақтнинг ўзида иситиш, совитиш ва энергия тежамкорлиги билан таъминлаши билан ажралиб туради. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

Лойиҳа билан танишиш жараёнида президент Шавкат Мирзиёев янги объектнинг имкониятлари ҳақида маълумот олди. Таъкидланишича, Янги Тошкентдаги асосий бино ва иншоотлар энергия таъминотида айнан шу подстанция тизимига таянади.

Дастлабки босқичда 75 мегаватт иссиқлик қуввати ва 100 мегаватт совитиш қуввати ишга туширилади, шунингдек 17 мегаватт электр энергияси генерацияси йўлга қўйилади. Биринчи навбатда 100 мегаватт қувватли подстанция шаҳар эҳтиёжларининг бошланғич талабларини қоплаш учун етарли экани қайд этилди.

Ёпиқ турдаги бундай объектлар анъанавий очиқ подстанцияларга нисбатан бир қатор устунликларга эга. Улар шаҳар муҳитига мослаштириб лойиҳаланади ва меъморий қиёфага салбий таъсир кўрсатмайди. Шовқин даражаси одатдагиларга қараганда икки баравар паст, эгаллайдиган майдони эса уч баравар кичик бўлиб, бу мураккаб муҳандислик концепциясига эга Янги Тошкент учун айниқса муҳим.

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Унда Хитойнинг Haocheng Industry Group Limited компанияси иштирок этмоқда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги муҳим инфратузилма объектлари ва янги маъмурий биноларни кўздан кечирган, шунингдек “Шарқ баҳори” турар жой мажмуаси қурилиш майдонига ҳам ташриф буюрган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Янги Тошкентда энергия тежамкор ёпиқ турдаги подстанция барпо этилмоқда