Ўзбекистон 50 та давлат билан визасиз тартибни йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон 2030 йилга бориб фуқаролар визасиз бориши мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага етказишни режалаштирмоқда. Бу мақсад 2026–2030 йилларга мўлжалланган янгиланган ривожланиш стратегияси лойиҳасида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, жорий йилда яна икки давлат билан визасиз ёки соддалаштирилган кириш бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган. 2027 йилда бундай келишувлар сони бештага етиши керак.
Режага мувофиқ, визасиз йўналишлар 2028 йилда 45 тага, 2029 йилда 48 тага, 2030 йилда эса 50 тага чиқиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 2026–2030 йилларда электрон виза ҳамда аэропортда расмийлаштириладиган виза каби енгиллаштирилган тартиблар мавжуд бўлган давлатлар сонини 60 тага етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, яқин йилларда консуллик хизматлари учун мобил платформа ишга туширилади. Рақамлаштириш ҳисобига ундан фойдаланувчилар сонини ҳозирги 8,5 мингдан 2026 йилда 15 минггача, 2030 йилга келиб эса 100 минггача ошириш мақсад қилинган.
ТИВ маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари 35 та давлатга визасиз сафар қилиши мумкин. Яна 42 та мамлакат турли шаклдаги соддалаштирилган кириш тартибларини таклиф этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!