Ўзбекистон 2026 йилда энг ҳамёнбоп сайёҳлик йўналишлари қаторида

Tutu хизмати тузган янги рейтингга кўра, 2026 йилда россиялик сайёҳлар учун энг арзон ва мақбул саёҳат йўналишлари учлигига Ўзбекистон ҳам кирди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди. Рейтинг натижаларига кўра, республикада икки киши учун бир ҳафталик таътил ўртача 93 минг рублга, яъни тахминан 14,2 миллион сўмга тушмоқда.
Арзон йўналишлар рўйхатида биринчи ўринни Беларусь эгаллади. Бу мамлакатда худди шундай саёҳат харажатлари ўртача 80 минг рубл (12,2 миллион сўм) атрофида баҳоланган. Учликни эса Қирғизистон якунлаб, у ерда икки кишилик ҳафталик дам олиш нархи тахминан 105 минг рубл (16,1 миллион сўм)ни ташкил этган.
Мутахассислар тайёрлаган рўйхатга, шунингдек, Арманистон, Грузия, Туркия ва Хитой ҳам киритилган. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, яқин хориж давлатлари нарх ва дам олиш имкониятлари ўртасидаги мувозанат жиҳатидан ҳали-ҳануз энг қулай йўналишлар бўлиб қолмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон сайёҳлар учун ўзининг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари, миллий таомлари ва саёҳат харажатларининг нисбатан пастлиги билан ажралиб туради. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларга бўлган қизиқиш йил сайин ошиб бораётгани ҳам бежиз эмас.
Шу тариқа, 2026 йилда ҳам Ўзбекистон ҳамёнбоп, мазмунли ва таассуротларга бой дам олишни истаган сайёҳлар учун энг жозибадор йўналишлардан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!