Ўзбекистон 2030 йилгача маънавий тараққиёт стратегиясини тақдим этди

Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган маънавий-маърифий ва маданий ривожланиш бўйича стратегик режа ишлаб чиқилди. Ҳужжат миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятни ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳамда маданият инфратузилмасини янгилашга қаратилган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Стратегияда китобхонликни кенгайтириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. Режага кўра, фаол китоб ўқийдиган ёшлар сони 5 миллионга етказилади, бунинг учун кутубхона фондидаги 40 миллион китоб рақамлаштирилади. Шунингдек, “Ўзбек адабиёти хазиналари” ва “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” каби кўп жилдли туркумларни нашр этиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Мамлакат ижодий салоҳиятини кучайтириш доирасида ҳар йили камида 100 та муҳим бадиий асар ва болалар учун 50 та бадиий китоб яратиш режалаштирилмоқда. Бу жараёнларда илмий ҳамда социологик тадқиқотлар таянч бўлиб, ижтимоий-маънавий муҳитдаги ўзгаришларни кузатиш ва миллий қадриятларни тизимли қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Жамиятнинг ижтимоий-маънавий барқарорлигини таъминлашда оила, мактаб ва давлат ҳамкорлиги асосий тамойил сифатида қайд этилган. Таълим муассасаларини замонавий маданият марказларига айлантириш, тарбияда интерактив ёндашувларни жорий этиш ва ёшларни ташқи ғоявий таъсирлардан ҳимоялаш механизмларини кучайтириш режалаштирилмоқда.
Инфратузилма йўналишида театр соҳаси катта модернизациядан ўтади: 2030 йилгача 40 та амалдаги театр реконструкция қилинади, 6 та янги бино қурилади, жумладан, икки янги қўғирчоқ театри ҳам барпо этилади. Моддий-техник базани янгилаш ва юқори савиядаги саҳна асарларини яратиш ҳисобига театр томошабинлари сонини йилига 5 миллионга етказиш, ўзбек саҳна ва цирк санъатини халқаро майдонда янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!