Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 75,4 млрд долларга етди

Марказий банк ҳисоботига кўра, учинчи чорак якунига келиб Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 75,4 млрд долларни ташкил этди. Январ–сентябр ойларида мамлакатнинг хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятлари 11 млрд доллардан кўпроққа ошган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Шу даврда жорий ҳисоб тақчиллиги 207,3 млн доллар бўлди. Бу кўрсаткич ўтган йилги 3,1 млрд долларлик даражадан анча паст.
Тақчилликнинг қисқариши экспорт ҳажмининг 32,8% га ўсиб, 26,1 млрд долларга етгани билан изоҳланди. Бунда хомашё нархларининг кўтарилиши ҳамда норезидентларга кўрсатилган хизматлар ҳажмининг кенгайиши муҳим омил бўлган.
Импорт эса 15,4% га ошиб, 36,7 млрд долларни ташкил этди. Ўсишга техника ва ускуналар, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб таъсир кўрсатган.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 1,7 баравар кўпайиб, 2,9 млрд долларга етди. Портфел инвестициялар эса асосан халқаро облигациялар чиқарилиши ҳисобидан 2,2 баравар ошиб, 3,8 млрд долларни ташкил этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!