19:58 / 05.08.2018
3 971

Таклиф: Имтиҳонлар коррупциядан холи бўлиши учун имтиҳонларни бекор қилиш шарт

Таклиф: Имтиҳонлар коррупциядан холи бўлиши учун имтиҳонларни бекор қилиш шарт
Неча йилдирки, Ўзбекистонда битта масалани кўндаланг ўртага ташлаб, унга ягона ечим берилмайди: олийгоҳларга кириш имтиҳонини коррупциясиз амалга ошириш мумкинми? Бизнинг жавоб тайёр: коррупциясиз имтиҳон керакми, у ҳолда олийгоҳларга кириш имтиҳонини бекор қилинг.

Бу қандай бўлади?

Велосипедни қайта ихтиро қилишнинг ҳам кераги йўқ, ривожланган давлатларда қандай бўлса, шулардан ўрганамиз. Масалан, АҚШ ёки Буюк Британияда университетда таҳсил олишни истаган абитуриент шунчаки олийгоҳ талаб қилган ҳужжатларни бир жилдга солиб, талабага айланади.

Ҳужжатлар жилдида нималар бор?

Ғарб, хусусан шарқдаги номдор олийгоҳлар ҳам анойилардан эмас: улар абитуриентнинг мактабда эришган ютуқларини сўрайди. Тўғри, «беш»и ўзидан ҳам арзон бизнинг халқ таълимини АҚШ ё Финляндиядаги тизимлар билан солиштириб бўлмайди. Шунинг учун, мактабни битириш арафасида якуний давлат имтиҳони бўлиб ўтади. Ана шундай имтиҳонда қўлга киритган баҳосига қараб, битирувчи Ҳарвардга кирадими, йўқми, тахминан аввалдан маълумотга эга бўлади. Ҳарқалай билими бор бола тақдим этилган имкониятлардан ҳалол фойдаланади.

Бизнинг мактаб битирувчилар деярли «қизил»га битиради-ку?..

Ҳа, бу тизимнинг катта хатоси, деса, муболаға бўлмайди. Гап шундаки, Ўзбекистонда энг катта ёлғон гувоҳликни берувчи, битирувчининг мактабдан олган шаҳодатномаси аслида собиқ ўқувчининг ҳақиқий билими ҳақида тўғри маълумот беролмайди. Ишонмасангиз, унга дарҳол олийгоҳ қабул имтиҳонида тушиб турган саволларни тутқазинг. Шунинг учун, умумий ўрта таълим битирувчиларининг билимини синовдан ўтказишни давлат шерикчилигидаги хусусий ёки тўла мустақил ва хусусий ташкилотларга топшириш лозим. Улар ишлаб чиқарилган ягона стандарт бўйича тест синовларини ташкил этади, жавобларни текшириб, натижани эълон қилади.

Ўқувчи бир марта бўладиган битирув имтиҳондан паст балл тўплаб, орзудаги «Дипломатия»дан айрилиб қолса-чи?

Бундай тизимга ижобий кўз билан қаралса, биринчи марта пастроқ балл тўплаган ўқувчи иккинчи марта тест топшириш учун тайёргарлик кўриши мумкин. Буёғи IELTS, TOEFL, GRE, GMAT ва шу каби бир қанча стандартлаштирилган тест синовларини эслатиб юборади. Тайёрман, деб ўйлаган шахс бемалол билимини қайта текшириб кўрсин. Пулини тўлаб, исталган вақтда марди майдонга кўтарилсин. Бунинг учун ДХХ, прокуратура, ички ишлар, божхона ҳамда минглаб ўқитувчиларнинг вақтини олиб, абитуриентларни бир жойга жам қилишнинг кераги йўқ. Айниқса, бинога кирган абитуриентнинг хатти-ҳаракатларини зимдан кузатиб бориш ҳам талаб этилмайди.

Мактабларда ташкил этилган имтиҳон натижаларига ҳам коррупция аралашмайдими?

Ҳар қалай хусусий ташкилот қўлига ишониб топширилган ишнинг асосий (ва катта рол ўйнайдиган) бир жиҳати бор: тадбиркор жарақ-жарақ пул турганда, чақага учиб, жиноятчи бўлишни истармиди? Якуний давлат имтиҳонини ташкил этиш учун кетган харажат, тест топшириқлари чоп этилган китобча ва ташкилот хизматининг сарфлари умумлаштирилиб, ягона тўлов жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Оҳ-воҳ қилишнинг вақти эмас, ҳартугул «экзамен»га пул беринг, ўқитувчиларга тушлик қилиб берамиз, ойи», деган ўқувчи ҳамманинг уйида бор.

Хусусий ташкилотнинг асосий даромади мактабдаги имтиҳонлар эмас, синовлардан қайта ўтишни истаган абитуриентлар тўлаган пулдан келиб тушади. Мантиқан, аҳолиси ўсиб бораётган Ўзбекистонда бу катта даромадли иш дегани. Қонун олдида порахўр бўлиб, халқ олдида шарманда бўлгандан кўра, ҳалол ишласа, 3-4 йилда ғарбда бўлгани каби ишончли exam board ташкилотига айланиш имконияти турибди. Кўнгилни хотиржам қилиш учун бундай ташкилотлар сонини 4-5тага етказиш кифоя.

Университетга шу натижа билан кириш мумкинми?

Ҳаммаси рисоладагидек бўлса, жавоб ижобий бўлиши керак. Университет илмий кенгаши ўз истагидан келиб чиқиб, бўлажак талабаларини саралаб олиши учун қўшимча талабларни жорий этиши мумкин. Айнан мана шундай талаблар унинг грант асосида ўқишини ҳам белгилаб беради. Масалан, ректор суҳбати (декан, унинг ўринбосари, кафедра мудири эмас, айнан ректор), абитуриентнинг ҳаёти ва интилишлари акс этган иншо (чет элда айнан шундай иншо орқали шахснинг психологик портрети чизилади) шулар жумласидан. Қолаверса, университетда собиқ талабалар кенгаши фаоли бўлиб, иқтидорли талабалар учун ўзларининг стипендия, грантларини таъсис этади. Бу ижтимоий фаоллик, уларнинг alma mater'га қўшган ҳиссаси.

Аммо, грант ва контракт масаласи ҳам бор. Машинанинг «тонировка»сидан тортиб, Тошкентда «прописка»ли уйларни сотиб олишни тушуниб етган халқим, илтимос, капитализм даврига аллақачон қадам қўйганимизни ҳам англаб етайлик. Гап шундаки, олийгоҳлар давлат бюджетига қарам бўлиши сифатга путур етказади. Шу туфайли, ўқиш учун тўлов-контрактини тўлашга барча тайёр бўлиши - давр талаби.

«Контракт» қиммат-ку?!

Ҳа, ҳозирги таълим тизимида жорий этилган тўлов-контракти қимматлик қилади. Аммо, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев таклиф этган тизим бўйича ҳисоб-китоб қилинса, масала сал «юмшайди». Яъни, грантда ўқийдими, контрактдами, олий таълим муассасаси ҳар бир талабага стипендия ажратишга мажбурланмайди. Шундай экан, «контракт» суммаси ҳам бу қадар «осмон» бўлмайди.

Дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари ҳар йили якунлар бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилади. Масалан, Ҳарвард 2017 йилда 4,5 миллиард доллар даромад қилган бўлиб, ундан аввалги мос даврга таққосланса, университет 1,4 миллиард кўпроқ пул топгани аён бўлади. Айрим ҳолларда, университет раҳбарияти мана шу маблағлардан иқтидорли ёшларга имконият беришга ҳам ажратади.

Бундан ташқари, улар маблағлардан унумли фойдаланиш учун тадқиқот марказларини ташкил этади. Унда бўш вақтини сермазмун сарфлаётган талабалар ва ўқитувчилар жамият учун фойдали, халққа нафи тегадиган лойиҳалар устида ишлайди. Яна узоқ ўлкадаги тажрибани мисол қилиб келтираман: 1946 йили Stanford университети асос солган SRI International (Stanford Research Institute) тадқиқотлар марказида «ғимирлаб» юрган талабалар ва уларнинг ўқитувчилари кейинчалик Apple корпорацияси сотиб олган Siri тизимини ишлаб чиқарди.

«Бир урганда елкаларигачами?»

Мулоҳазаларни бир четга суриб, ҳақиқий вазиятга боқайлик: биз муаллақ турган вазият тиши оғриган кишининг тутган нотўғри ишига ўхшайди. Тиш оғриғини йўқотиш учун оғриқ қолдирувчи дори ичамиз, лекин касал бўлган тиш остида йиринг ривожланиши билан ишимиз йўқ. Муҳими бугун тиш оғримай турсин, эртага бир гап бўлар...
Алишер Рўзиохунов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Таклиф: Имтиҳонлар коррупциядан холи бўлиши учун имтиҳонларни бекор қилиш шарт